АҚШ президенти Дональд Трамп ўз IQ'сини давлат котиби Рекс Тиллерсон интеллектидан юқори деб ҳисоблайди. 

"Ўйлашимча, бу фейк янгилик", - дея изоҳлайди Трамп Forbes журналига берган интервьюсида. Гап шундаки, NBC News телеканали Тиллерсон АҚШ президентини "аҳмоқ" деб атагани ҳақида хабар тарқатган. 

"Бироқ агар у ҳақиқатда шундай деган бўлса, фикримча, IQ даражамизни таққослаш керак бўлади. Ким ютиб чиқишини олдиндан айтишим ҳам мумкин", - деди президент айнан ўзи ғолиб бўлишига ишора қилган ҳолда. 

Ўтган ҳафта телеканал Рекс Тиллерсон АҚШ давлат котиби лавозимини тарк этмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ эса Трамп ва Тиллерсон бу хабарни инкор қилишган.