Анқара, Бағдод ва Теҳрон курдлар мухториятига қарши биргаликда санкциялар жорий этишга тайёр. Бу ҳолат ушбу минтақа ҳукумати мустақиллик бўйича референдум якунларини бекор қилмаса рўй беради, дея маълум қилди Туркия бош вазири Бинали Йилдирим.

"Шимолий Ироқда ноқонуний референдум бўлиб ўтди. Биз курд халқига эмас, балки Шимолий Ироқ ҳукуматининг масъулиятсиз ҳаракатларига қарши чиқмоқдамиз. Улар билан авиақатнов ҳамда телеканаллари трансляциясини тўхтатдик, уларнинг вакилларини ўзимизга киритмадик. Бу ҳаммаси эмас. Агарда Шимолий Ироқ раҳбарияти ўзига келмаса, биз Ироқ ва Эрон вакиллари билан учрашамиз, бўлажак қарорларни қабул қиламиз", - дея маълум қилди Йилдирим Туркияда ҳукмрон бўлган Адолат ва ривожланиш партиясининг парламентдаги фракцияси олдида чиқиш қилиб.

Ироқ Курдистонида 25 сентябрь куни мустақиллик бўйича референдум бўлиб ўтди. Маълумотларга кўра, Ироқдан мустақил бўлиш учун сайловчиларнинг 92,7 фоизи овоз берган.