Ўзбекистон чегарачилари жорий йилнинг сентябрь ойида давлат чегарасини бузган 126 шахс ва 1,9 млрд. сўмлик турли контрабанда маҳсулотларини қўлга олишди», - дея хабар берди Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича Қўмита вакили.

Унинг сўзларига кўра, қоидабузарларнинг асосий қисми Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарада аниқланган – 62 ҳамда 54 киши. Қўлга олинган шахсларнинг қолган қисми Тожикистон ва Афғонистон билан чегара ҳиссасига тўғри келди – 8 ҳамда 2. Туркманистон билан чегарада бундай қоидабузарлик рўйхатга олинмаган.

"Чегарачилар Ўзбекистон чегараси орқали 1,91 миллиард сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларни олиб ўтиш бўйича бир неча йирик ҳаракатларга чек қўйишди. Товарлар орасида асосан дорилар, маиший техника ва рангли металл бўлган. Қўлга олинган шахслар ҳамда товарларнинг асосий қисми Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарага тўғри келади", - дея таъкидлаб ўтди МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича Қўмитаси вакили.

Ноқонуний тарзда олиб кирилишга ҳаракат қилинган дори воситаларининг энг йирик партияси 9 сентябрда Қирғизистон билан чегарада, Наманган вилояти Чортоқ туманининг Адир қишлоғи яқинида қўлга олинди. Аниқланган товарнинг умумий қиймати 855 миллион сўмга баҳоланган. Ўша куни Янгиқўрғон туманининг Намуна аҳоли пунктида Қирғизистон ҳудудидан умумий қиймати 157 млн. сўмлик дориларни ноқонуний тарзда олиб кириш бўйича уринишга чек қўйилди.

24 сентябрь куни Қозоғистон билан чегарада, Навоий вилоятининг Киргитов аҳоли пунктида “Камаз” маркали автомашина аниқланди. Унинг ҳайдовчиси Қозоғистонга умумий қиймати 80 млн. сўмдан кўпроқ бўлган рангли металлни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган.

Аниқланган барча товар-моддий бойликлар давлат даромадига ўтказилди, қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чоралар кўрилди.