Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Туркия президенти бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон Туркиянинг Марказий Осиё ва жаҳондаги муҳим ҳамкори эканлигини таъкидлаб, барча ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, 2016 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг кузатилган Ўзбекистон—Туркия муносабатларидаги ижобий динамика алоҳида қайд этилган. Пекин, Остона ва Нью-Йорк шаҳарларидаги икки давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мавжуд улкан имкониятларни амалга оширишга имкон берди, дейилади ТИВ хабарида.

Туркия давлати раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга бўлажак ташрифи муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлар экан, ушбу ташриф Ўзбекистон—Туркия сиёсий мулоқотини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга янги туртки беришини қайд этиб ўтган.