9 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида П. Боровский номли тиббиёт коллежининг талабаси Жасурбек Иброҳимов иши бўйича 6-кунги суд мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош суд-тиббий экспертизаси мутахассиси Фарҳод Лочинов, судланувчи Исломбек Тўлагановнинг отаси Абдужалил Расулов, коллеж битирувчиси Тимур Тўхтаев (ўша вақтда 3-курс талабаси) ҳамда Дилшод Абдуллаев (у ҳам ўша вақтда 3-курс талабаси) кўрсатмалари тингланди.

Суд мажлисига раислик қилувчи Матчонов, давлат айбловчиси Акромов, адвокатлар Иброҳимов, Тоҳиров, Исмоиловалар гувоҳлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилишди. 

6-кунги эшитувларда ҳам аввалги мажлисларда бўлгани каби айрим гувоҳлар воқеанинг айрим жиҳатларини ёддан кўтаришганини, бир масалани аниқ-тиниқ билса-да, иккинчисини умуман эслай олмаётганликларини даъво қилишди. Бу жиҳатлар судья ҳамда прокурор сўрови билан суд баённомасида қайд этилди.

Исломбек Тўлагановнинг отаси Абдужалил Расулов

Хусусан, Дилшод Абдуллаев тергов вақтида берган айрим кўрсатмаларини, гарчи ўз қўли билан имзо қўйганини эътироф этган бўлса ҳам, инкор этди. 

Эслатиб ўтамиз, П.Боровский тиббиёт коллежининг 2-курс талабаси Жасурбек Иброҳимов олинган тан жароҳатидан сўнг амалга оширилган жарроҳлик амалиётларидан сўнг 2017 йил 1 июнь куни вафот этган эди. Шундан кейин Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди аломатлари билан жиноий иш қўзғаган, кейинчалик тергов амалиётини шаҳар прокуратураси ўтказган эди. 

Навбатдаги суд мажлиси 12 октябрь куни соат 11-00 да давом этади.