Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан 7 октябрь куни Фарғона шаҳрининг И.Каримов номидаги Санъат саройининг очиқ майдонида вилоят ИИБ таянч пунктларининг 120 нафар профилактика инспекторини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди, длеб хабар берди KUN.UZ’га бошқарма матбуот хизмати.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.

Дунёда инсоннинг ҳаётидан, унинг тинчлигидан ҳам азизроқ, муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Бугунги даврда ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари Ватан келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидоийларча хизмат қилиб, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Фуқаро нажот истаб авваламбор унинг олдига шошади. Ана шундай дамларда ички ишлар органи ходими, айниқса, профилактика инспекторидан кучли сабр-тоқат, меҳр-оқибат, матонат, юксак маънавият талаб этилади.

Ана шу талабдан келиб чиқиб, президент фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.

Шунингдек,профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташларини таъминлаш мақсадида зарур коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замон талаблари ва стандартларига тўла жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш мақсадида президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарор талаблари асосида профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшашлари учун барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйлари ажратилмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди.

Ислом Каримов номидаги Санъат саройининг очиқ майдонида эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга масъулиятли хизматни ўташга қасамёд қилиш учун қад ростлаб турган навқирон, мард, жасур профилактика инспекторларига ҳар бир киши ҳавас билан қараётгани аниқ. Бу эса уларга ғурур ва ифтихор бағишлаши билан бирга, масъулиятларини ҳам оширади.

Бугун, мана шундай қувончли ва ҳаяжонли дамларда, ички ишлар органларининг ҳар бир профилактика инспектори халқ ва президентга содиқ бўлишга мардонавор равишда қасамёд қилди. Аминмизки, улар зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни шараф билан адо этадилар.