2017 йил 11 октябрда "Ўзбекенгилсаноат" АЖ биносида эскизлар асосида ишлаб чиқилган мактаб формалари намуналарининг кўргазмаси ташкил этилди.  Кўргазмада "Шарқ либослари дизайн маркази" ҳамда "Ўзбекенгилсаноат" АЖ тизимидаги корхоналар томонидан эскизлар яратилиб, намуналар асосида ишлаб чиқилди.

Кўргазма давомида болалар турли ёшларга мўлжалланган баҳор, куз ва қиш мавсумига мос мактаб формаларини намойиш қилишди. Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов намойиш этилган янги формаларга ўз муносабатини билдирди: 

"Менимча бугун намойиш этилган формаларда ёрқин ранглар етишмади. Фикримча, барча либосларга тўқ, бўғиқ ранглар танланган. Мен кўплаб давлатларнинг, жумладан, Англия, Корея, Сингапурдаги мактаб формаларини кўрганман. Уларнинг формаларида ранг-баранглик, ёрқинлик уфуриб туради. Бизда ҳам либосларнинг дизайнига, матосига, неча ёшдаги болаларга мўлжалланганига катта аҳамият бериш зарур. Айниқса, танланган матолар албатта, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Сабаби, ўзимизнинг маҳсулотни ҳамма сотиб олишга имкони етади". 

Ўзбекенгилсаноат» АЖ бошқарув кенгаши раиси маслаҳатчиси Расул Содиқов ҳам дефиледа тақдим этилган мактаб формалари бир-бирига ўхшашлигини, яқин кунларда яна кўргазмалар ташкил этиб, бошқа текстил корхоналарини ҳам жалб қилиш лозимлигини таъкидлади:

"Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, бугунги намойиш этилган формаларнинг аксарияти пойтахт учун мўлжалланган. Бироқ биз вилоятлар, чекка ҳудудларни ҳам ҳисобга олишимиз керак. Биз танлаётган мато ҳар томонлама чидамли, сифатли ва нархи ҳам арзон бўлиши лозим. Бизга маълумки, қишлоқларда болалар лой кечиб, тупроқ ўйнашни яхши кўришади. Кийимлар эса ўз навбатида тез кир бўлади. Мана шундай ҳолларда формаларни қўл билан ювишга тўғри келади. Шундай экан, ортиқча аксессуарлар, нозик матолардан қочиш керак. Келаси сафарги кўргазмаларда 12та эмас, 24, 34, керак бўлса 50дан ортиқ корхоналар ўз намуналари билан иштирок этишини сўраб қоламан. Биз улар орасидан энг муносибини танлашимиз керак".

Эслатиб ўтамиз, тадбирда "Ўзбекенгилсаноат" АЖ тизимидаги 50та трикотаж маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналардан 12 таси ўз тайёр маҳсулотлари билан иштирок этишди. Улар орасида "Шарқ либослари дизайн маркази", "Истиқлол текстиль" (Идеал), "Жаннати Бибихоним", "High Fashion Group", "Косон универсал", "Cotton Road", "Bagira Tex", "Gulmira Tekstil", "EKO planeta", "Ferangiz Fashion", "Urganch Bahmal", "Tumaris Tekstil" каби корхоналарни учратиш мумкин.