Ҳиндистоннинг Баннергхатта миллий боғида оқ йўлбарсчалар вольерни тозалаётган ходимни ғажиб ташлаган. 

The Times of India хабарига кўра, парк ходими ва унинг ёрдамчиси йўлбарслар сақланаётган вольерни бўм-бўш деб ўйлаган. Бироқ, у ерда она йўлбарс иккита йўлбарсвачча билан дам олаётган бўлган. 

Ходимлар овқат қолдиқларини тозалаш учун майдончага кирганида, йўлбарсча улардан бирига қараб сакраган ва бўғзидан тишлаб олган. Шундан сўнг, иккинчи йўлбарсча ҳам унга ташланган. Бошқа ходим майдончадан хавфсиз жойга қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ёрдамга етиб келган қўриқчилар йўлбарсларни ҳайдаб юборишган, аммо ходимнинг ҳаёти сақлаб қолинмаган. Йиртқичлар унинг тана қисми баъзи жойларини еб қўйишга улгурган.

Баннергхатта миллий боғи Бангалор шаҳридан 22 километр масофада жойлашган. Унда йўлбарслар қўриқхонаси, музей ва капалаклар боғи мавжуд.

Бенгалия йўлбарсларининг болалари 2-3 ёшгача онаси билан бирга яшайди. Улар 4 ёшга кирганида жинсий етилади.