Тожикистон давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш бўйича агентлиги «Интерпол»нинг республика ИИВдаги икки нафар юқори лавозимли мулозими ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Коррупцияга қарши кураш маҳкамаси матбуот марказининг хабар беришича, Тожикистон ИИВнинг «Интерпол» халқаро қидирув бўлими бошлиғи, милиция подполковниги Алоҳиддин Камолов ва ушбу бўлимнинг ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходими Жовид Ваҳобов пора олишда гумонланиб ушланди.

Россия Федерация Тергов қўмитасининг Бошқирдистондаги бошқармаси Тожикистондаги «Интерпол» бюросига қотилликда гумон қилинган тожикистонлик фуқароларга нисбатан жиноий иш бўйича «А» ва «Б» гувоҳларни сўроқ қилишда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди.

Жорий йилнинг август ойи охирида Тожикистон ИИВ «Интерпол» бюроси халқаро қидирув бўлими бошлиғи А.Камолов Ж.Ваҳобов билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро «А»дан уни ишга гумонланувчи эмас, балки гувоҳ сифатида жалб этиш учун 15 минг сомоний миқдорида маблағ талаб қилган.

Талаб қилинган пулнинг 5 минг сомоний миқдордаги биринчи қисмини гумонланувчилар Жовид Ваҳобовнинг иш кабинетида олишган ҳамда фуқаро «А»дан қолган 10 минг сомонийни олиб келишни сўрашган, деб хабар бермоқда Авеста.

Шунингдек, Ж.Ваҳобов шундай «кўмак» учун фуқаро «Б»дан 15 минг сомоний талаб қилган. Ушбу шахс ҳам Россия томони мурожаатига кўра, Тожикистон фуқароларига нисбатан иш бўйича гувоҳ сифатида жалб этилиши керак эди. 

Ж.Ваҳобов фуқаро «Б»дан илк 5 минг сомонийни ўзининг «Мерседес-Бенц» русумли автомашинасида олган. «Келишув» Душанбе шаҳридаги «Тез ёрдам» шифохонаси ёнида амалга оширилган. Тезкор ходим «Б»дан қолган 10 минг сомонийни ҳам талаб қилди.

Фуқаролар «А» ва «Б» «Интерпол»нинг Тожикистондаги бюроси ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари юзасидан давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш бўйича агентликка мурожаат қилишган. 

Милиция майори Жовид Ваҳобов коррупцияга қарши маҳкама ходимлари томонидан «Шоҳмансур» бозори ёнида фуқаро «А»дан 10 минг сомонийни олаётган вақтида қўлга олинган.

Жовид Ваҳобов ҳамда Алоҳиддин Камоловга нисбатан Тожикистон ЖКнинг 247-моддаси 4-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.