Испания ҳукумати Каталония мухтор ўлкаси маъмуриятидан улар мустақиллик эълон қилгани ёки йўқлигига ойдинлик киритишни талаб қилади. Испания бош вазири Мариано Рахой шундай баёнот берган. 

Агар мухторият Испаниядан ажралиб чиқишга қарор қилган бўлса, расмий Мадрид қироллик конституциясининг 155-моддасидан фойдаланган ҳолда Каталонияни қисман ўз-ўзини бошқаришдан мосуво қилмоқчи. 

"Шу билан фуқароларга ишончни тақдим этмоқчимиз", — деб қўшимча қилган Рахой. Унинг сўзларига кўра, женералитетнинг жавоби ҳукумат қарорига таъсир кўрсатади. 

Унинг қайд этишича, Каталония етакчиси Карлес Пучдемоннинг "қонунийликни тиклаш учун" турли чақириқларга жавоб бериш имкони бор. "Агар Пучдемон қонунийликни ҳурмат қилса, ноқонунийлик ва беқарорлик даврига чек қўйилади. Каталония бошидан кечираётган вазиятга барҳам берувчи ҳолатни барча кутмоқда", — деган Испания бош вазири. 

Куни кеча Пучдемон Каталония мустақиллиги тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди. У 1 октябрь куни бўлиб ўтган референдум натижаси мустақил давлат ташкил этиш ҳуқуқини беришини айтди. Шу билан бирга, Пучдемон расмий Мадрид билан мулоқотни бошлаш мақсадида мустақиллик эълон қилишни тўхтатиб туришни таклиф қилди.