Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) давлат чегарасининг барча қисми бўйлаб, жумладан, Қозоғистон-Қирғизистон чегараси участкасида ҳам режали чегара амалиётини ўтказмоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz агентлиги МХҚ матбуот хизматига асосан хабар берди.

Маълумотларга кўра, амалиётнинг мақсади чегара ҳудудида ноқонуний фаолиятни тўхтатиш, террорчилик, контрабанда ва бошқа жиноий фаолият билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаш, шунингдек, чегара тартиби ва миграция қонунчилигига риоя этилишини текширишдир.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси режали амалиёт туфайли чегарадан ўтаётган шахслар, транспорт воситалари, юклар ва товарлар текширувини кучайтирди.

«Шу билан бирга чегарани кесиб ўтишда ҳеч қандай чекловлар ёки тақиқлар жорий этилмади. Миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара хизмати бўлинмалари ва ҳарбий хизматчилари ҳаракатлари қатъий қонун доирасида, қозоқ ва чет эл фуқароларининг ҳуқуқларини бузмасдан амалга оширилмоқда», - дейилади хабарда. 

«Қирғизистонликларга қарши ҳеч қандай махсус тадбирлар ўтказилмаяпти», - дея хабар беришган агентликка Қозоғистон Ички ишлар вазирлигидан.

4 октябрдан бошлаб Қозоғистон ҳудудида «Нолегал-2017» тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда, дея хабар берди Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат тили ва ахборот бошқармаси бошлиғи Олмос Садубаев.

«11 октябрь кунги ҳолатга кўра, 11 минг 891 нафар чет эллик фуқаро мамлакатда қолиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Улар орасида МДҲ мамлакатларининг 11 минг 164 ва узоқ хориж давлатларининг 727 нафар фуқароси бор. Ҳуқуқбузарлардан 1 минг 627 нафари мамлакатдан чиқариб юборилди. Чет эл ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун 420 нафар Қозоғистон фуқароси маъмурий жавобгарликка тортилди», - дейди Олмос Садубаев. 

Унинг маълумотларига кўра, дастлабки терговнинг ягона реестрида миграция қонунчилигининг бузилиши бўйича 120 та ҳолат қайд этилган. 28 нафар қидирувдаги жиноятчи қўлга олинган, улардан 24 нафари Қозоғистон ва тўрт нафари МДҲ мамлакатлари фуқароси. МДҲ мамлакатларининг бир минг 13 нафар фуқароси шахсий ҳужжатлари бўлмагани туфайли вақтинчалик сақлаш марказларида жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бироз вақт муқаддам Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида вазият мураккаблашгани хабар қилинганди.