Ноябрь ойидан бошлаб, Porsche компаниясининг америкалик мижозлари спорткарларни ёки SUV (Sport Utility Vehicle — «спорт-утилитар автомобил») ларни ойига $2000 - $3000 обуна эвазига ижарага олиши мумкин бўлади.

Бунда, абонемент эгаси кун давомида бир эмас, бир нечта автомобиллардан фойдаланиши мумкин бўлади - хоҳ 718 Boxster бўлсин, хоҳ Cayenne E-Hybrid.

Дастлаб, обуна хизмати Жоржия штатининг Атланта шаҳрида ишга туширилади. Автомобиллардан фойдаланиш учун Porsche Passport тизимига аъзоликни расмийлаштириш, уни фаоллаштириш учун $500 тўлаш ва кредитга қобиллик текширувидан ўтиш лозим бўлади.

Обунанинг ойлик тўлови автомобиль моделларидан келиб чиқиб, $2000 ёки $3000 қилиб белгиланади. Бу тўловнинг ичига автомобилдан фойдаланиш нархи, шунингдек солиқлар, рўйхатдан ўтиш, суғурта, техник хизмат кўрсатиш ва ювиш харажатлари ҳам киради.

Мижоз $2000 нарх эвазига спорткарлар ва SUV'нинг 8та тури, шу жумладан 718 Boxster ва 718 Cayman S автомбилларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. $3000 тўлов эса 22та автомобилдан, шу жумладан, Cayenne E-Hybrid'дан фойдаланиш имконини беради.

Автомобилларни Android ва iOS учун мўлжалланган Porsche Passport иловаси орқали танлаб олиш имконияти мавжуд бўлади. The Verge хабарига кўра, дастур ёрдамида, кун давомида автомобилларнинг бирини иккинчисига алмаштириш ҳам мумкин.

Обуна тизими ноябрь ойидан бошлаб ишга туширилади. Дастлаб компания ундан синов тариқасида фойдаланади, агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, Porsche уни бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўяди.

Porsche компаниясининг АҚШ бўлими раҳбари Клаус Целльмер гапига кўра, бу хизмат бир вақтнинг ўзида бир қанча спорткарларни синаб кўрмоқчи бўлган мижозлар учун мўлжаллангандир.

Сентябрь ойининг охирида Volvo концерни автомобиллар ижарасининг обуна тизимини ишга тушираётганини эълон қилган эди. Унда энг арзон тариф 3799 Швеция кронасига тенг бўлиб, унинг ичига суғурта, техник хизмат, сервис хизмати, ёқилғи учун чегирма, шунингдек қўшимча хизматлар, яъни автомбилга товарларни етказиб бериш ва каршеринг харажатлари ҳам киритилганди.

Care by Volvo дастури худди Porsche обуна тизимига ўхшаб, бир автомобилни бошқасига алмаштириш имкониятини беради, аммо унинг опциялари бироз камроқ.