Таиланд ҳукумати ўтган йили қирол Пумипон Адульядет (Рама IX)нинг вафотидан кейин мамлакатда эълон қилинган миллий мотам муддатини яна икки кунга узайтирди. Мотам 30 октябрь куни тугайди, деб хабар қилишган Таиланд ҳукумат матбуот хизматидан.

Қиролликда мотам 2016 йил 13 октябрда Адульядетнинг вафот этган куни бир йил муддатга эълон қилинганди. Аввалроқ, ҳукумат 26 октябрга қадар мотам муддатини узайтирди - шу куни Бангкокда марҳум қиролнинг жасади махсус печда куйдирилади. Энди вазирлар маҳкамаси Рама IX’нинг дафн маросими билан боғлиқ сўнгги тадбирлар 29 октябрда тугаши сабабли мотам муддатини узайтиришга қарор қилди.

«Таиланд ҳукумат бинолари ва элчихоналарида миллий байроқлар мотам тадбирлари якунига етгунга қадар туширилган бўлиши керак», - дея аниқлик киритишди ҳукумат матбуот хизматидан. Шунингдек, 29 октябрь куни кечқурунга қадар ҳозирда давлат идоралари биноларини безаган барча мотам белгилари ва тасмалар олиб ташланиши кераклиги ҳам қайд этилди. Миллий мотам қоидалари Таиланднинг барча давлат хизматчиларидан қора ёки оқ рангдаги либос кийишни талаб қилади. Ҳукуматнинг тушунтиришига кўра, одатий кийиниш шаклига қайтиш 30 октябрдан бошланади.

Рама IX 88 ёшида Бангкокдаги шифохоналардан бирида узоқ касалликдан сўнг 2016 йил 13 октябрда вафот этди. Дафн маросимлари 25-29 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Таиланд ҳукуматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, биринчи кун роҳиблар ва қироллик оиласи аъзолари иштирокида буддавийлар маросими остида ўтказилади.