2017 йил 11 октябрдан бошлаб, кўчмас мулкни реализация қилиш, олди-сотди, мерос бўйича битимларни амалга ошириш учун бинолар ва иншоотларнинг таркиби ва шу каби маълумотлар Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат ер кадастри бошқармаси томонидан идоралараро электрон алоқалар орқали нотариал идораларга берилади.

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат ер кадастри бошқармаси Ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, эндиликда мазкур бошқармада юқорида санаб ўтилган ҳолатлар бўйича қоғоз кўринишдаги маълумотномаларни тақдим этиш тўхтатилади. Жорий йил 27 февралида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра, нотариал идораларда идоралараро электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши керак. Кадастр бошқармасининг янги тартибдаги ишга ўтиши бу муҳим ўзгаришнинг илк босқичларидан бири ҳисобланади.

Хабарда айтилишича, бундай қулайликлар аввало бошқармада турнақатор навбатлар ҳосил бўлишини йўқотиб, иш унумдорлигини, аниқ маълумотларни тайёрлашда ёрдам беради.