Корея яриморолида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита B-1B стратегик бомбардимончи самолёти Шимолий Кореядаги нишонларга ракета зарбалари беришни машқ қилди. Бу ҳақда Жанубий Корея қуролли кучлари штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабарида айтилган, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, самолётлар Тинч океанининг Гуам оролидаги Андерсен авиабазасидан ҳавога кўтарилиб, Жанубий Корея соҳилларига Япон денгизи томондан яқинлашиб, Шимолий Корея шарқидаги нишонларга қанотли ракеталар билан зарба беришни имитация қилган. 

Парвоз вақтида бомбардимончиларга Япония ва Жанубий Кореянинг F-15 қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қилган.

Пентагонда таъкидланишича, АҚШ шу тариқа исталган хавфни бартараф этиш бўйича кўплаб вариантларга эгалигини эслатиб қўйган. Шимолий Корея бунга жавобан кескин чоралар кўриш билан таҳдид қилган.