БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман 13-17 октябрь кунлари Мьянмага ташриф буюради. У роҳингя мусулмонлари истиқомат қиладиган Рокҳайн штатидаги инқироздан чиқиш йўлини топишга уриниб кўради. Бу ҳақда чоршанба куни ташкилотнинг матбуот хизмати маълум қилди. 

“Фелтман Мьянма билан қалин ҳамкорликда ушбу шошилинч масалаларни ҳал этиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказади”, - дейилади хабарда. У музокаралар чоғида Мьянма ва БМТ ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга уриниб кўради. 

Халқаро миграция ташкилотининг 29 сентябрдаги маълумотларига биноан, Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳингя мусулмонлари сони 520 мингга яқинлашиб қолган.