Northrop Grumman компанияси бугунги кунда Model 401 номи билан юритилувчи истиқболли самолётининг илк кадрларини намойиш этди. Видеода бўлғуси ҳарбий самолётнинг илк парвози акс этган, дейилади Defense News'да.

Реактив самолёт 11 метр узунликка эга. Самолёт Pratt & Whitney JTD15D-5D двигатели билан таъминланган бўлиб, 0,6 Мах тезликка эришиши ва уч соат тўхтамай парвоз қилиши мумкин. 

Фото:  23 ABC News | KERO

Унинг парвоз оғирлиги 3600 килограммни ташкил қилади, бўм-бўш самолёт оғирлиги эса икки карра енгил - атиги 1800 килограмм. 

Расмий матбуот релизида ёзилишича, Model 401 илғор, унча қиммат бўлмаган технологияларни намойиш қилиш ҳамда АҚШ ҳукумати манфаатларини кўзловчи тадқиқот паврозлари учун яратилган. Бундай самолётнинг айнан қандай миссия учун мўлжаллангани борасида аниқ маълумот берилмаган, бироқ экспертлар икки омилга эътибор қаратишмоқда. 

Биринчиси - самолётнинг ўлчамлари ва оғирлиги, самолёт замонавий учар қурилмалардан анча енгил, уни енгил автомобиль оғирлигига қиёслаш мумкин.

Иккинчиси - самолётнинг ташқи кўриниши ва замонавий ҳаво кемаларига ўхшаш фюзеляж ҳамда қанотлари шакли, улар нисбатан камроқ сезиладиган технологик хусусиятларга эга. Баъзи экспертлар бу ишланманинг General Atomics компаниясининг Predator C Avenger стелс-учувчисиз қурилмаси лойиҳасига ўхшашлигини қайд этишди.