Флоридадаги Канаверал бурнидан SES 11/EchoStar 105 телекоммуникация сунъий йўлдошига эга Falcon 9 ракетаси орбитага учирилди.

Ракетага Тошкент вақти билан соат 03.53да старт берилди. Ракета геостационар орбитага АҚШнинг EchoStar сунъий йўлдош оператори ва Люксембургнинг SES компанияси томондан ишлатиладиган сунъий йўлдошни олиб чиқди. 

Ракетага эгалик қилувчи SpaceX компаниясида таъкидланганидек, сунъий йўлдошни орбитага биринчи поғонаси аввал Халқаро коинот станциясига Dragon юк кемасини жўнатишда ишлатилган ракета олиб чиқди. 

Ракета учирилгандан 10 дақиқа ўтиб унинг биринчи поғонаси Атлантика океанидаги сузувчи платформага қўндирилди. SpaceX’нинг таъкидлашича, бу парвоз ракетанинг биринчи поғонаси ортга муваффақиятли қайтарилган 18-парвоз бўлди.

Фазога кўтарилган сунъий йўлдош АҚШ ҳукуматини 50 та штат, Мексика кўрфази ва Кариб ҳавзаси давлатлари ҳудудларида телекоммуникация ва интернет сигналлари билан таъминлайди.