Сидарс-Синай Кардиология институтида ўтказилган янги тадқиқот қонида кальций миқдори кам бўлган одамлар тўсатдан юрак тўхташига кўпроқ мойил бўлишини кўрсатди. "Ортодокс" тиббий портали шу ҳақида маълум қилди. 

Мутахассислар юрак тўхташини бошдан ўтказган 267 киши ва бундай ҳолатга дуч келмаган 445 нафар кўнгиллининг маълумотларини таҳлил қилиб чиқишди.

Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, тўсатдан юрак тўхташини бошдан ўтказган иштирокчиларнинг қон зардобидаги кальций миқдори меъёрдан паст бўлган.

Қон зардобида кальций миқдори энг кам бўлган кишиларнинг юрак тўхташ эҳтимоли қонида кальций етарлича бўлган кўнгиллиларнинг юрак тўхташ эҳтимолига нисбатан икки карра юқори бўлган. 

Кальцийнинг қондаги миқдори бир децилитрга 8,95 миллиграммдан пасайганда тўсатдан юрак тўхташ хавфи ошади. Шунингдек олимлар юрак тўхташини бошдан ўтказган кишиларнинг кўп ҳолатларда диабет ва сурункали буйрак касалликларидан ҳам азият чекканнини аниқлашди. 

Тадқиқотчилар натижаларга таъсир қилиши мумкин бўлган омилларни ҳисобга олиб қўйишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу борадаги изланишларни давом эттириш зарур.