«Қирғизистонда бўлажак президентлик сайлови билан ғайриоддий нимадир юз бермоқда – сайловларга жуда яқин вақт қолди, аммо ким ғалаба қозонишини ҳалигача ҳеч ким билмайди», - деб ёзади машҳур The Guardian нашри. 

Мақола муаллифи Шон Уолкернинг сўзларига кўра, сайловларнинг сохталаштирилиши билан машҳур бўлган минтақада Қирғизистон ғалати равишда ажралиб турибди. Ўтган 12 йил ичида 6 миллион аҳолига эга бўлган Советлар Иттифоқининг собиқ мамлакати икки инқилобни бошидан ўтказди. Ҳозирда у чалкаш, бироқ демократия ишлаётган давлатдир.

«Бу Марказий Осиё тарихидаги энг эркин ва энг ҳалол сайловлар бўлади. Минтақанинг бошқа жойларида ҳозирги президентнинг қанча фоиз овоз олишигина ягона интрига бўлган масаладир. Айни пайтда эса биз Қирғизистонда ким ғалаба қозонишини билмаяпмиз», - дея Қирғизистондаги ғарблик дипломат сўзларини келтиради нашр.

Қирғизистон 1991 йилда мустақилликка эришган собиқ Советлар Иттифоқининг Марказий Осиёдаги бешта давлатидан бири. 2005 йилда давлатда юз берган лола инқилоби Асқар Ақаевни ҳокимиятдан четлатган бўлса, 2010 йилги тартибсизликлар вақтида Курманбек Бакиев мамлакатдан қочиб кетди.

Иккинчи инқилобдан кейин Қирғизистон конституциясига ўзгартишлар киритилди, унга кўра, президент бу лавозимни фақат 6 йил давомида эгаллаши мумкин. Алмазбек Атамбоев 2011 йилги сайловларда ғалаба қозонди ва энди истеъфога чиқишга тайёрланмоқда. Агар ҳаммаси яхши ўтадиган бўлса, ушбу сайловлар демократик йўл билан сайланган президент ўз лавозимини бошқасига тинчлик билан топширган мамлакат тарихидаги биринчи ҳолатга айланади.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтади.