Ҳолландиянинг Nuon Solar жамоаси ҳар йилги қуёш батареялари билан жиҳозланган автомобиллар ўртасидаги Австралия пойгасида ғолиб чиқди. Бу ҳақда abc.net.au нашри хабар бермоқда. 2013 ва 2015 йилги мусобақаларда ҳам ғалаба қозонган жамоа Дарвин ҳамда Аделаида ўртасидаги узунлиги 3 минг километр бўлган йўналишда 40 та рақибидан устун келди.

Нуфузли пойганинг сўнгги кунида Nuon Solar автомобили Аделаиде шаҳридан 500 километр шимолда старт олди ва соатига ўртача 110 километр тезликда ҳаракатланиб, энг яқин рақибларидан камида 2 соатга олдинга ўтиб кетган.

Финишга иккинчи бўлиб Американинг Michigan жамоаси етиб келди. Мусобақанинг қолган иштирокчилари тунги вақт туфайли пойгада тўхтаб қолишган ҳамда уни жума куни давом эттирадилар.