Бразилия федерал судьяси Марселу Бретас прокуратура сўровини қаноатлантирди. Қонун назоратини амалга оширувчи идора Рио-де-Жанейро штати собиқ губернатори Сержиу Кабралуни яна бир бор коррупцияда айблашни сўраган эди. Бу ҳақда Estado de San Paulo газетаси хабар қилмоқда.

Собиқ мулозим 15-маротаба коррупция жиноятини содир этганликда айбланмоқда. Янги жараён “Адолатсиз ўйин” деб номланган жиноий ишга алоқадорлиги айтилмоқда. Ушбу иш доирасида Олимпиада-2016 мезбонини аниқлаб олиш арафасида ХОҚ аъзоларини сотиб олиш ўрганилмоқда. Тергов томонига кўра, Бразилия МОҚ собиқ раҳбари Карлос Артур Нузман овоз бериш жараёнида Рио-де-Жанейро ғалаба қозониши учун 2 млн доллар пора берган. У октябрь ойи бошида ҳибсга олинган эди.

Пуллар, тахминларга кўра, тадбиркорлар Артур Сезар де Менезес ва Элиани Перейру Кавалкантелардан олинган. Бунинг эвазига улар Рио-де-Жанейро штати ҳукуматидан фойдали буюртмалар олган. Ўша вақтда штатга Кабрал раҳбарлик қилиб келган.

Штатга 2007-2014 йилларда раҳбарлик қилган собиқ мулозим ўтган йилнинг 17 ноябрида ушланган эди. 

Кейинроқ, собиқ губернаторга нисбатан коррупция билан боғлиқ 14 та жиноий иш очилди. Улардан бири бўйича шу йилнинг июнь ойида 14 йил 2 ойга, иккинчиси бўйича 45 йилга озодликдан маҳрум этилди.