Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темир Жумақодиров ичида бўлган енгил автомобиль билан юзма-юз тўқнашиб кетган "КамАЗ" ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган. Қирғизистон ИИВнинг патруль милицияси Бош бошқармаси ЙТҲга шу сабаб бўлганини маълум қилди.

Юк машинасининг 25 ёшли ҳайдовчиси – Чуй вилоятининг Панфилов туманида истиқомат қилади. Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 281-моддаси 3-қисми (йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатилди.

Қирғизистон ИИВ патруль милицияси Бош бошқармаси автоҳалокат гувоҳларидан терговга ёрдам кўрсатишни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жумақодиров 7 октябрь куни Чуй вилоятидаги Садовое қишлоғида хизмат машинасида кетаётганида "КамАЗ" автомашинаси билан тўқнашиб кетган эди. Автомобиль ичида бош вазир ўринбосаридан ташқари унинг ёрдамчиси ва ҳайдовчиси ҳам бўлган, уларнинг барчаси ҳаётдан кўз юмган.