Туркия Қуролли кучлари Ироқ билан чегара ҳудудига танклар ва артиллерия қисмларини жўнатди. Dunya нашрида ёзилишича, ҳарбий техника мамлакат жануби-шарқидаги Ширноқ вилоятида жойлашган "Ҳабур" постига олиб келинади.

Ғарбий ҳудудлардаги танклар 12 октябрга ўтар кечаси кучайтирилган назорат остида кўчирилган. Қайд этилишича, танклар Туркиянинг шу ҳудудида 18 сентябрь куни бошланган, 26 сентябрь куни Ироқ ҳарбийлари ҳам қўшилган ҳарбий машғулотларда иштирок этиши мўлжалланган.

Бу маневрлар орқали Туркия ва Ироқ ҳукумати мустақиллик учун референдум ўтказган курдларга босим ўтказишни ният қилган.

Anadolu Ajansi хабарига кўра эса ҳарбий колонна Сурия билан чегарага келтирилган. Армия бўлинмалари Суриядаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.