Германиянинг Volkswagen автоконцерни илмий тадқиқот технологияларига 1,7 млрд доллар маблағ киритади. Бу сармоя 2022 йилгача электр юк машиналари ва автобусларини ишлаб чиқишга ҳам сарфланади. Бу ҳақда Volkswagen Truck & Bus бўлими бошлиғи Андреас Реншлер маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Реншлернинг сўзларига кўра, маблағлар электродвигателлар, муқобил бошқарув тизимлари, шунингдек, автомобилларни бошқариш учун булутли тизимларни барпо этишга сарфланади. Сўнгги вақтларда юк машиналари ишлаб чиқарувчилар электрлаштирилган юк автомобиллари ишлаб чиқишга фаол сармоя киритмоқда. Сиёсатчилар ва давлат идоралари йирик шаҳарларнинг ҳавоси ифлосланишига доир меъёрларни кучайтираётгани ҳам бунга сабаб бўлмоқда. 

Бундан ташқари, сентябрь ойида Volkswagen Truck & Bus ҳамда Американинг Navistar International Corp электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишини эълон қилган эди.