Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2017 йилдаги 777-сон қарори билан  Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1.10.2017 йилдан бошлаб заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолият лицензияланади. Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчиларга фақат тегишли лицензия мавжуд бўлган тақдирда берилади.  

Лицензияловчи орган – Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги. Лицензиялаш жараёни фақат «ягона дарча» марказлари орқали (шахсан келиб) ёки ЯИДХП орқали (ҳужжатларни ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда электрон шаклда) тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади.

Лицензиялар 5 йил ёки ундан кам  муддатга даъвогарнинг аризасига кўра берилади. Лицензия қуйидаги иш турлари учун берилади (барча иш турлари учун ёки исталган гуруҳлардан бири учун берилади):

•  Марказий банк захирасидан ажратилган қимматбаҳо металлардан фойдаланган ҳолда заргарлик буюмларини тайёрлаш. Ўзининг ишлаб чиқариш чиқиндиларидан механик, кимёвий ва металлургия жараёнларини қўллаган ҳолда қимматбаҳо металларни ажратиб олиш ва қайта ишлаш (қимматбаҳо металларнинг давал чиқиндиларини қайта ишлаш ҳуқуқисиз);
•  якка тартибдаги буюртма асосида давал материаллардан заргарлик буюмларини тайёрлаш ва қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларини таъмирлаш. Ўзининг ишлаб чиқариш чиқиндиларидан механик, кимёвий ва металлургия жараёнларини қўллаган ҳолда қимматбаҳо металларни ажратиб олиш ва қайта ишлаш (қимматбаҳо металларнинг давал чиқиндиларини қайта ишлаш ҳуқуқисиз).

Лицензия олиш учун ўрнатилган талабларга жавоб бериш ва тасдиқланган  шаклда ариза бериш лозим. Лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлик Асиллик даражасини белгилаш палатаси ходими томонидан жойига чиқиб ўтказиладиган даъвогарни ўрганиш чоғида ўрнатилади.

Лицензияни бериш учун ариза у қабул қилинган санадан эътиборан 10 иш куни  ичида кўриб чиқилади. Ушбу ҳолатда аризани кўриб чиқиш учун йиғим ва лицензияни бериш учун давлат божи ҳам тўланади:

•  юридик шахслар учун – ЭКИҲнинг 5 баравари;
•  якка тартибдаги тадбиркорлар учун – ЭКИҲнинг 2 баравари.

Лицензияни расмийлаштириш қуйидагиларга асосан рад этилиши мумкин:

•  даъвогар лицензия олиш учун зарур бўлган маълумотларни тўлиқ тақдим этмаса;
•  даъвогар кўрсатган маълумотларда ишончсиз ёки нотўғри ахборот мавжуд бўлса;
•  даъвогар талаблар ва шартларга мос келмаса;
•  даъвогарни лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш натижаларига кўра асосланган салбий хулоса.

Лицензия билан бирга даъвогарга бутун фаолият даври учун шахсий тамға берилади. Унинг изи лицензиат буюмларига уларни қолганлардан идентификация қилиш учун туширилади.

Лицензиялашнинг таъриф берилган тартиби 1.10.2017 йилдан амал қилади.