Шу йилнинг сентябрь ойи охирида Марғилоннинг Қиргули мавзесида талаба йигит ноанъанавий жинсий ориентация вакили сифатида айбланиб, ваҳшийларча калтаклангани тасвирланган видео тарқалди. Видеода талаба ечинтирилгани, дўппослангани, сўйиб юбориш билан таҳдид қилинганини кўриш мумкин. Кўп ўтмасдан, октябрь ойи бошида Фарғона Ички ишлар идоралари воқеа юзасидан жиноий иш очиб, 5 киши ҳибсга олингани маълум қилинди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда бундай ҳодиса илк марта рўй бераётгани йўқ. Аввал ҳам трансвеститларни ваҳшийларча дўппослаш ҳолатлари кузатилган. Бундай жиноий ўзбошимчиликка Ички ишлар ходимлари ҳам қўл урган. Улар трансвестит квартирасига бостириб кириб, уни калтаклагани акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган эди.

Юқорида тилга олинган ҳаракатларда жиноят аломатларини кўриш қийин эмас. Аммо мазкур жиноятларнинг ўзига хос жиҳати мавжуд – улар бирон киши ёки гуруҳга бўлган нафрат сабабли амалга оширилади. Назаримизда, айнан шу томони билан бу каби жиноятлар жазони оғирилаштирувчи жиҳатга эга.

Бирон хатти-ҳаракат ижтимоий хавфли қилмиш бўлгани учун жиноят ҳисобланади ва қонунчиликда жиноий қилмишнинг оғирлигига яраша жазо тайинланади. Шу сабабли, қотиллик, тан жароҳати етказиш, номусга тегиш каби қилмишлар жиноят ҳисобланади. Аммо айни жиноятлар жабрланувчига қарши нафрат туфайли амалга оширилганда қандай квалификация қилиниши керак? Мазкур мақоламизда шу савол устида фикр юритамиз. 

Нафратга асосланган жиноят нима?
Амалдаги қонунчиликда, хусусан, Жиноят Кодексида, «нафратга асосланган жиноят» тушунчаси мавжуд эмас. Аммо Россия қонунчилигида «преступления на почве ненависти» ёки АҚШда «hate crimes» каби жиноят турлари мавжуд. Умуман олганда, нафратга асосланган жиноят бошқа жиноятлардан фақат бир жиҳати билан ажралиб туради – жиноят бирон кишига ёки гуруҳга қарши бўлган нафрат сабабли амалга оширилади. Нафрат кўпинча жабрланувчининг ирқи, дини, миллати, тили, келиб чиқиши ёки жинси туфайли қўзғалади. 

Албатта, бирон кишидан нафратланиш ўз-ўзидан жиноий жавобгарликка сабаб бўлмайди. Масалан, киши гомосексуалларга қарши нафрат ҳис этиши жиноят ҳисобланмайди. Аммо бундай нафрат жиноятни режалаштириш ва содир этишга сабаб бўлса, бундай хатти-ҳаракат натижасида содир этилган жиноят нафратга асосланган жиноят, деб ҳисобланади. 

Нафратга асосланган жиноятлар кўпинча жамиятдаги маргинал гуруҳларга қарши қаратилган бўлади. Масалан, Россияда ўзбек меҳнат муҳожирларига қарши «Россия руслар учун» шиорлари остида қилинган ҳужум ва қотилликларни мисол келтирса бўлади. Ёки АҚШда Трамп сайлангандан кейин турли этник ва диний озчиликларга қарши «Америкадан йўқол» ёки «Энди ҳаммангни депорт қилиб юборамиз», каби ҳақоратлар билан қилинган ҳужумларни мисол сифатида келтирса бўлади. 

Ўзбекистонда бундай маргинал гуруҳ бу гомосексуал ва трансвеститлардир. Кўпинча, бундай гуруҳларга қарши содир этилган жиноятлардан мақсад – уларга «кўрсатиб қўйиш», жамият томонидан қабул қилинмайдиган ҳаёт тарзидан воз кечтириш, уларни «ҳақиқий» эркак ёки аёл бўлишга мажбурлаш. 

Нафратга асосланган жиноятларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати – жиноий хатти-ҳаракатлар бир кишига қарши қаратилган бўлса ҳам, жиноий қилмиш маълум маргинал гуруҳ аъзоларига қаратилган бўлади.

Демак, нафратга асосланган жиноятларда бир неча жазони оғирлаштирувчи элементлар мавжуд. Савол туғилади, амалдаги қонунчиликда нафратга асосланиб содир этилган жиноят оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланадими?

Амалдаги қонунчилик ва нафратга асосланган жиноятлар
Амалдаги қонунчиликда, хусусан, Жиноят Кодексида «нафратга асосланган жиноят» тушунчаси мавжуд эмас. Бундай тушунча жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар орасида ҳам санаб ўтилмаган. Масалан, Жиноят Кодексининг 56-моддасида барча жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар санаб ўтилган. 56-модданинг эътиборга молик жиҳати шундаки, суд жазо тайинлашда 56-моддада назарда тутилмаган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин эмас. Демак, нафратга асосланган жиноят 56-моддада санаб ўтилмаган бўлса, бундай ҳолат суд томонидан оғирлаштирувчи деб топилмайди. 

56-моддада нафратга асосланган жиноятга яқин бўлган бир ҳолат тилга олинган - «ирқий ёки миллий душманлик ёхуд адоват замирида» жиноят содир этиш жазони оғирлаштириши мумкин. 56-моддада назарда тутилган бу қоидани алоҳида моддаларда ҳам кўриш мумкин, масалан, 97 (қотиллик), 104-105 (қасддан баданга оғир/ўртача шикаст етказиш) ва 173 (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларда.

Мазкур қоида ўта чекланган қамровга эга бўлиб, фақат ирқий ёки миллий адоватни назарда тутади. Аммо юқорида муҳокама қилингани каби, нафратга асослган жиноятлар нафақат ирқий ёки миллий адоват, балки жабрдийданинг дини ва жинси сабабли ҳам содир этилиши мумкин. 

Бундан ташқари, Жиноят Кодексининг VI боби «Шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар», деб номланади. Ушбу бобда одам савдоси (135-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда), одам ўғирлаш (137-модда), зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш (138-модда), туҳмат (139-модда) ва ҳақорат қилиш (140-модда) каби жиноятлар жой олган бўлса ҳам, нафратга асосланган жиноятлар назарда тутилмаган. 

Демак, амалдаги қонунчиликда нафратга асосланган жиноятлар жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар ичига кирмайди. 

Амалдаги қонунчиликка нафратга асосланган жиноятлар тушунчасини киритиш вақти келди
Фарғона ва ундан аввал бир неча марта Тошкентда гомосексуал ёки трансвеститларга қарши содир этилган жиноятлар тобора ортиб бормоқда. Аммо амалдаги қонунчиликда бундай жиноятларга нисбатан муносиб жазо белгиланмаган. Муносиб жазо тайинланмаслиги эса адолат ҳам тўла қарор топмайди дегани. 

Мақолада муҳокама қилинган ҳолатларда содир этилган жиноятларга мутаносиб жазо тайинланиши учун амалдаги қонунчиликка нафратга асосланган жиноят тушунчаси киритилиши керак. Бу вазифани амалга оширишнинг энг осон йўли 56-моддага ўзгартиришлар киритиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторига «нафратга асосланган жиноятлар»ни киритиб, нафрат жабрланувчининг ирқи, дини, миллати, тили, келиб чиқиши ёки жинси туфайли уйғониши мумкинлиги айтиб ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда Россия Федерацияси қонунчилигидан мисол тариқасида фойдаланиш мумкин. Жумладан, Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 63(е)-моддасида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар рўйхати берилган бўлиб, унда қуйидагича қоида белгиланган: 
«сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий ёки диний нафрат ёки адоват сабабли ёхуд бирон ижтимоий гуруҳга қарши нафрат ёки адоват сабабли жиноят содир этиш» («совершение преступления по мотивам политической, идеологической, расовой, национальной или религиозной ненависти или вражды либо по мотивам ненависти или вражды в отношении какой-либо социальной группы»). 

Юқоридаги қоида амалдаги қонунчиликда назарда тутилган «ирқий ёки миллий душманлик ёхуд адоват замирида» тушунчасидан анча кенг бўлиб, нафратга асосланган жиноятларнинг хусусиятини тўлароқ ифода этади. 

Нафратни исботлаш билан боғлиқ амалий муаммолар
Жиноят ҳуқуқи ва процессининг энг асосий қоидаларидан бири бу айбсизлик презумпциясидир. Мазкур қоидага кўра, шахс айби қонунда белгиланган тартибда исботлангунига қадар айбсиз ҳисобланади. Демак, бирон кишини нафратга асосланган жиноят содир этишда айблаш учун, бу кишининг қилмишида нафратнинг мавжудлиги исботланиши керак.

Амалда жиноят айнан нафрат сабабли амалга оширилганлигини исботлаш осон бўлмаслиги мумкин. Масалан, оғир тан жароҳати етказишда «Россияни чуркалардан тозалаймиз!» ёки «Гейни ўлдир!» деб бақиришнинг ўзи кифоями? Ёки айбланувчи жиноятни нафрат сабабли содир этганини тан олиши шартми? Мазкур саволларга ҳозир жавоб бериш қийин ва шундай қоида қабул қилинган тақдирда, Олий Суд Пленуми амалиётдан келиб чиқиб тегишли шарҳлар бериши керак бўлади.

Умуман олганда, бундай ҳолатларда айбланувчининг кўрсатмалари катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Масалан, сўроқ қилиш давомида айбланувчи гейлардан ҳазар қилишини, уларни қириб ташлашга тайёр эканлигини тан олса, содир этилган жиноий қилмиш учун жазо кўришга ҳам тайёр эканлигини айтса, бундай кўрсатмалар ҳал этувчи характерга эга бўлиши мумкин.