Дававианазорат бошлиғининг буйруғи (2017 йил 10 октябрь) билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси гувоҳномаларини бериш ва авиация ходимларининг турлари” Ўзбекистон Республикаси Авиация қоидаларига (ЎзР АҚ-61) қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Энди гувоҳномалар аэростат учувчиларига ҳам берилади. У Дававианазорат томонидан тасдиқланган дастурлар бўйича учиш ўқув юртларида аэростат учувчиси сифатида тўлиқ ўқув курсини тамомлаган шахсларга берилади. Номзод 17 ёшдан кичик бўлмаслиги ва амалдаги тиббий хулосага эга бўлиши керак.
 
Аэростат учувчиси гувоҳномаси умумий намунада 1-саҳифасида «Аэростат учувчиси» ёзуви билан берилади. Унинг амал қилиш муддати – 2 йил, бироқ уни қуйидаги асослар билан узайтириш мумкин:

•  учиш ишига қўйиш тўғрисида ТУЭКнинг тиббий хулосаси;
•  охирги 2 йил ичида учганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
•  2 нусхада расмийлаштирилган тақдимнома.
 
Бунинг учун 28 та фан бўйича имтиҳон ҳам топширилади, уларнинг ҳар бири бўйича 4 дан паст бўлмаган баҳо олиш керак. Ҳужжат билан аэростат учувчиларининг билимлари ва маҳоратига талаблар тасдиқланди.
 
Учиш техникасини Дававианазоратнинг Олий малака комиссияси (ОМК) инспекторлари ёки унинг раиси (ўринбосари) рухсатномасига биноан фуқаро авиацияси эксплуатантларининг малака комиссияси инспектор-учувчилари текширади. Учиш техникасини камида тўрт баҳога топшириш керак.
 
Агар ярим йил мобайнида аэростат учувчиси 4 та учириш ва кўтарилишни бажармаган бўлса, у гувоҳнома эгаси ҳуқуқларидан фойдалана олмайди.
 
Ҳужжат 11.10.2017 йилдан кучга кирди.