Энг камида уч минг йиллик тарихга эга халқ уч кунлик блокададан қўрқмайди ва бошқа давлатга хизмат қиладиган шахсни президент этиб танламайди, деди Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбоев Боткенда ҳарбийлар учун учта кўп қаватли уйнинг очилиш маросимида чиқиш қилиб.

«Мен ҳозирда Қирғизистоннинг вилоятларига бормоқдаман, президент сифатидаги сўнгги учрашувларни ўтказмоқдаман. Бир кун олдин Таласда, кеча эса Ўш ва Жалолободда бўлдим. Бу 3 кун давомида мен Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида рўй бераётган алғов-далғовликка гувоҳ бўлдим, у ерда ЕОИИнинг барча нормалари ҳамда келишувлари бузилмоқда. Ва яна бир нарсани айтмоқчиманки, бизнинг халқимиз камида 3 минг йиллик тарихи давомида жуда кўп синовларга дуч келди, ҳеч қачон 3 кунлик блокададан қўрқмайди ҳамда ҳеч қачон, ҳеч қандай таҳдид ёки босим остида хорижий давлатларга хизмат қиладиган шахсни танламайди. Биз хорижий ҳукуматлар ва олигархлар ўз вакилларини ўтказишга уринаётганини кўрмоқдамиз. Лекин улар бизнинг халқ сотилмаслигини кўриб, қўрқитишга ўтишди. Бироқ бундай тарихга эга халқ бошқаларга хизмат қиладиган шахсни танламайди. Тўғрими? Бизнинг халқимиз учун ор-номус ҳаётдан анча юқори туради. Биз ҳар нарсани кўрдик, 2010 йилда 1,5 ойлик қамалнинг гувоҳига айландик, одамлар қандай қийналганини ҳам тушундик. Бугунги қонунсизликдан ҳам азият чекмоқдамиз, аммо биз мустақиллигимизни ҳимоя қиламиз», - деди у. 

«Афсуски, бугунги кунда мамлакат ўз мустақиллигини нафақат чет эл қўшинларининг киритилиши билан, балки бошқаларга хизмат қиладиган қандайдир шахсни шунчаки сотиб олиш ва Қирғизистонга давлат раҳбари сифатида ўтказиш туфайли ҳам йўқотиши мумкинлигини кўрмоқдамиз. Лекин мен бу ҳеч қачон содир бўлмайди, деб биламан. Кимдир қўшни уйга ўт қўйишни хоҳласа, шамол ўзгариши мумкинлиги ва ўз уйи ҳам ёниб кетиши эҳтимоли борлигини унутмаслиги керак. Биз – қўшнилар тинчлик ва дўстликда яшашимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Қозоғистонда даҳшатли очарчилик юз берганида, юз минглаб қозоқлар ўзининг охирги нони билан бўлишган бизнинг халқимиз туфайли омон қолганлар. Бизда битта илдиз бор, биз бир халқ бўлганмиз, ҳамда ҳозир ҳар бир қирғизда қозоқ қони, қозоқда эса қирғиз қони бор. Менинг бувим ва бувимнинг онаси қозоқлар, ҳамда менинг биринчи набирам – қозоқ аёлнинг фарзанди. Ҳеч ким ва ҳеч қачон икки биродар халқни бир-бири билан можарога боришига мажбурлай олмайди», - дея қўшимча қилиб ўтди А.Атамбоев. 

«Қирғизларни сотиб олиш ёки қўрқитиш мумкин, деб ўйлаётганлар хато қилади. Қирғизлар учун ор-номус ҳаммасидан устун туради. Албатта, Қирғизистон армияси кучли ва биз ҳар бир қисмда жавоб қайтара оламиз, бироқ, кўриб турганингиздек, бошқа уруш, ахборот уруши, пул уруши бор, буни унутманг. Мустақилликни нафақат қурол-яроғ билан, балки ақл ва овоз бериш билан ҳам ҳимоя қилиш керак», - деди Қирғизистон раҳбари.