Жорий йилнинг 25 августидан буён Мьянма армияси зўравонлиги сабаб Бангладешга қочган роҳингя мусулмонлари сони 536 мингга етди. Халқаро миграция ташкилоти (IOM) вакили Жоэл Миллман Женевадаги матбуот анжуманида шу ҳақида хабар берди. 

Унинг сўзларига кўра, 9-11 октябрь оралиғида Бангладешда қочқинлар сони кескин кўпайган.

"Гувоҳларнинг билдиришича, Бангладеш чегараси яқинида Наф дарёси бўйида Кокс-Базарга етишга уринаётган 8-9 минг қочқин тўпланиб қолган", - деди Миллман. 

IOM вакилининг таъкидлашича, барча қочқинлар шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож. Қочқинлар лагерларида тоза ичимлик сувининг етишмовчилиги кузатилмоқда, уларнинг аксарияти тиббий ёрдамга эҳтиёж сезмоқда. 

Унинг сўзларига кўра, Кокс-Базар лагерларидан қўним топган Аракан қочқинларини Мьянмага қайтариш учун ҳозирча ҳеч қандай шароитлар йўқ. 

Мьянма шимолидаги Аракан мусулмонларига қарши амалга оширилган ҳужумлар "қуролланган жангариларга қарши кураш" сифатида эътироф этилмоқда. Минтақадаги гуманитар вазият кескин ёмонлашди. Бангладешга қочган араканлик мусулмонлар сони эса 536 мингга етди.