Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Роберт Левандовски терма жамоалар ўйинлари танаффуси пайтида интервью берди.

«Бавария» учун мавсум нолдан бошланди»

Карло Анчелотти ишига қандай баҳо берасиз?
– Унинг дастлабки мавсумида яхши ўйин намойиш қилдик. Бизда Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқиш имконияти бор эди. Агар жароҳатим туфайли «Реал»га қарши жавоб баҳсини ўтказиб юбормаганимда, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Ким билади дейсиз, балки турнирда ғолиб чиққан бўлармидик.
Юпп Ҳайнкес келганидан сўнг, жамоани нима кутмоқда?
– «Бавария» учун мавсум нолдан бошланди десак ҳам бўлаверади. Бизга осон бўлмайди, чунки мавсум давомида мураббийнинг ўзгариши ҳеч қачон таъсирсиз ўтмайди.

Биз олдинга қараб юришимиз ва ўз ишимизни давом эттиришимиз шарт, бошқа иложимиз йўқ. «Боруссия»дан 5 очко ортда боряпмиз. Аммо, олдинда ўйинлар кўп, шу туфайли, ҳамма нарса ўзгариши мумкин.

Чемпионлар лигасига келадиган бўлсак, «ПСЖ» клубига мағлуб бўлганимиздан сўнг, ўйлаб кўришимиз лозим бўлган нарсалар кўп экани маълум бўлди, хатолар устида ҳам иш олиб боришимиз лозим.

«Олтин тўп»га овоз бериш жараёни натижаларидан ҳайрон қолдим»

Румменигге орзунгиздаги клуб - «Реал» экани ҳақида гапирганди. Бунга муносабатингиз?
– Карл-Ҳайнц Румменигге нимани назарда тутганини билмайман. Буни ўзидан сўраб кўришингиз керак. Бу ерда қайси нашр Румменигге иқтибосини келтираётганига ҳам қараш керак.
Ўтган йили «Олтин тўп»га овоз бериш жараёни якунларини танқид қилган эдингиз. Нега?
– Бир нарсани тушунмадим, нега 50, 25 ёки 5-ўринни эълон қилишмоқда? Менимча, энг муҳими - дастлабки учта ўрин. Албатта, 16-ўринда эканимни билгач, карахт аҳволга тушганман. Мен «Бавария»да ўйнаяпман, Чемпионлар лигаси финалига чиққанман, бундеслигада кўплаб голларни уряпман, аммо мени 16-ўринга қўйишмоқда. Бундан ҳайратда қолганман.
Аслида нималарга муносиб эканимни билмасам-да, 16-ўрин кулгимни қистамоқда. Гапиришга тилим ожиз.

«Асосий мақсад - Чемпионлар лигаси финали»

«Олтин тўп» ҳамон режаларингиздан ўрин олганми?
– Йўқ. Бу ғоянинг менга қизиғи йўқ десам ҳам бўлади. Мен учун «Бавария»нинг муваффақияти муҳимроқ. Айниқса, Чемпионлар лигасидаги.
Сиз бундеслига миқёсида барча совринларга эга бўлдингиз ва бир марта Чемпионлар лигаси финалида ўйнадингиз. Наҳотки, финалга қайтиш - асосий мақсадингиз бўлса?
– Ҳа. Германия чемпионатидаги ғалабадан сўнг, бошқа совринлар ҳақида ҳам ўйлаш пайти келди. Ўтган мавсумда юқори савияда ўйнадик, аммо бир неча дақиқа ичида барчасидан айрилдик. Бу нарса кўнгилни хира қилди.

«Жаҳон чемпионати терма жамоа савиясини кўрсатиб беради»

Польша термаси Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқди. Жамоанинг имкониятларига қандай баҳо берасиз?
– Бу саволга жавоб беришга қийналаман. Ҳозир бизда зўр таркиб бор. Катта салоҳиятга эга бўлган кучли жамоамиз. Аммо Польша терма жамоаси бартараф қилиши лозим бўлган муаммолар етарли. Бироз кутишимизга тўғри келади. Жаҳон чемпионати нималарга қодир эканимизни кўрсатиб беради. Умуман олганда, бу ҳақда гапириш осонмас, чунки бундай турнирда ҳам бир ўйин финалга тенгдир», – деди Левандовски ESPN FC нашрига берган интервьюсида.