Кейинги вақтларда дарёлар ўзанлари, кўллар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди, деб ёзади Наманган вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайти.

Наманган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг билдиришича, ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади, бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етиши учун шарт-шароит яратмоқда.

2017 йилнинг ўтган даврида вилоятдаги дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 58 та ҳолат аниқланиб, хуқуқбузарларга нисбатан 9.885.150 (тўққиз миллион саккиз юз саксон беш минг бир юз эллик) сўм миқдорида маъмурий жарималар солиниб ундириб олинди.

Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрь куни «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3286-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган.

Бундан ташқари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланди.

Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоятдаги хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектлари  раҳбарларини юқоридаги қарор талабларига кўра эндиликда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашни алоҳида лицензия асосида амалга оширилишини ҳамда қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий жарима ва маъмурий хуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтирилганлиги тўғрисида огоҳлантиради.