Сизни бахтли қилишга ваъда берувчи қатор китоблар ва мақолалар мавжуд. Бироқ уларнинг барини ўқиб чиқиш учун талайгина вақт керак. Ушбу мақолага икки дақиқа вақтингиз кетади, бироқ унинг таъсири ёқимли ҳайратга солади, дейилади NerdFitness нашрида.

Бахт

Мен бахтсизман. Ҳаётингизга ўзгартириш киритинг ёки ўзингизни ўзгартиринг.

Нимани ўзгартириш керак? Фарқи йўқ. Бирор бир нарсани танланг ва шунга эришишга ҳаракат қилинг.

Бошим айланмоқда. Чуқур нафас олинг. Дастлаб ўзингиз назорат қилишингиз мумкин бўлган бирор нарсани ўзгартиришга ҳаракат қилинг.

Пулим кўпроқ бўлганда бахтлироқ бўлармидим? Ҳа, фақат маълум бир маънода.

Пулдан муҳимроқ нарса борми? Ўзимиз учун азиз бўлган одамлар билан ўтказилган вақт. Ўзимиз учун муҳим бўлган нарсаларга сарфланадиган вақт. Ёдингизда бўлсин, бой берилган вақтни ортга қайтариб бўлмайди.

 

Вақт

Ҳеч нарсага вақт етмаяпти. Демак, устувор вазифалар нотўғри белгиланган.

Бироқ кўп нарсага улгуриш керак. Камроқ ишланг. "Йўқ" дейишни ўрганинг.

Шундай қилишга мажбурман... Қандайдир таклифга "Ҳа" деб жавоб бергингиз келмаса, дадил "Йўқ" денг.

Агар "Йўқ" десам, фалончи хафа бўлиши мумкин. Буёғи сизнинг ишингиз эмас. Ўз хоҳишингизга қарши боргандан кўра, ундан воз кечган маъқул.

Ҳозир вақти эмас. Агар қулай фурсатни кутадиган бўлсангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Кейин эса аввалроқ бошламаганингиз учун ўзингизни койиб юрасиз.

 

Муносабат

Қандай қилиб яхши таассурот қолдириш мумкин? Инсоннинг кўзларига қараб табассум қилинг. Шошилмай сўзланг. Ўзингизга ишонинг. Дид билан кийининг.

Уни учрашувга таклиф қилсам бўлармикан? Ҳа.

Агар рад этса-чи? Ҳеч нарса йўқотмайсиз. Шундай бўлса-да, кейин "уриниб кўрмадим" деб афсусланмайсиз.

Нима дейишим керак? "Салом, жуда чиройлисиз. Менинг исмим ..., сизни қаҳва билан меҳмон қилсам бўладими?"

Мени ташлаб кетишди, юрагим вайрон бўлди. Шундай бўлса-да, у уриб турибди, ахир. Демак, ҳаммаси олдинда.

 

Энди нима бўлади?

Барчаси жуда мураккаб. Биламиз! Агар барчаси осон бўлганда, ҳамма бахтли бўларди.

Мен ундай қила олмайман... Ўзингизни чегаралашни бас қилинг. Сиз аввал уриниб кўринг, албатта уддасидан чиқасиз.

Бари бефойда. Майли! У ҳолда қандай яшаётган бўлсангиз, шундай яшашда давом этинг.

Бироқ ҳозирги ҳаётимдан мамнун эмасман. Доим бир нарса такрорланаверса, натижа ўзгармайди. Биз ё ўсамиз ва ўзгарамиз, ёки ҳалок бўламиз.

Қачон бошлаш керак? Ҳозирнинг ўзидаёқ.