Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорда маълум қилинишича, Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ишсиз аҳолини босқичма-босқич жалб этиш режаси тасдиқланди.

Банд бўлмаган шахслар ёхуд ишсиз кишиларни вақтинчалик маош (меҳнат даромади) билан таъминлаш ва уларни иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватлаш, касбга эга бўлмаган илк бор иш изловчи шахсларни меҳнат фаолиятини жалб этиш мақсадида ижтимоий соҳада янги имконият пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, турли сабабларга кўра (илгари бола тарбияси, бемор ва кекса оила аъзоларини парваришлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва бошқа сабабларга кўра) узоқ танаффусдан сўнг касбий фаолият билан шуғулланмаган шахслар меҳнатини реабилитация қилиш йўлга қўйилмоқда.

Эндиликда иш билан таъминланмаган аҳоли вакиллари жамоат ишларига жалб этилган ҳолда бажарган иши учун расман маош олиши мумкин. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш қуйидагича ташкил этилади:

- бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан - жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахсларнинг иш ҳақи бўйича тўловлар 100 фоиз миқдорда;

- бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан - жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахсларнинг иш ҳақи бўйича 50 фоиз миқдорида Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан қопланади.

Содда қилиб айтганда, бюджет ташкилоти, маҳалла ва шу каби идораларда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари билан банд бўлган аҳолига Жамғарма ҳисобидан 100 фоиз ойлик маош ажратилади. Нодавлат ташкилотлар, хусусий тадбиркорлик ва корхонада ташкил этилган жамоат ишларида иштирок этган ишчининг ойлик маоши Жамғарма томонидан 50 фоизга қоплаб берилади, бундан ташқари, 50 фоиз маошини иш жойининг ўзида қабул қилиб олиши белгиланган.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кўпи билан ЭКИҲ беш бараварида (750 минг сўм), энг кам миқдорда 370,842 сўм ҳақ тўланиши белгиланган.