UNICEF'нинг расмий маълумотига кўра, 140 миллиондан ортиқ болалар ота-онасиз, етим ҳисобланади. Меҳрибонлик уйида тарбияланувчи болаларни асраб олиш эса мураккаб ва узоқ муддатни талаб қилувчи жараёнга айланиб кетади. Лекин, Анастасиянинг сағир болани бошини силаш, ўз фарзанди каби тарбиялашдек орзу-умидлари 15 йилдан ўтиб ҳам сўнмади. У The Village нашрига бошидан ўтганларни сўзлаб берди.

«Биз қарор қилдик: фарзанд асраб олишимиз - энг тўғри йўл»

1999 йилда шифокор менда онкологик касаллик борлигини, шу туфайли она бўлиш бахтидан мосуво бўлганимни аниқлашди. Айнан шу сабабдан биринчи турмушим бузилди, у мени ташлаб кетди. Бироз муддат ўтгач, ҳаётимни қайтадан бахт ва қувончга тўлдира олган кишини учратдим. У менинг жисмоний ҳолатим ва соғлиғимдаги нуқсонни билса ҳам келажагимизга ишонди. Қолаверса, биз ота-она бўлишни, эркатой фарзандларни тарбия қилишни истардик. Суррогат йўли билан фарзанд дунёга келтиришга молиявий қурбимиз етмади, энг яхши йўли меҳрибонлик уйидан бола асраб олиш бўлди.

«Имкон бўлса, уни қўлдан чиқарманглар! Менинг ҳақиқий бахтим - сиздек фарзандларни вояга етказганимда», деб хитоб қилди отам. Бу сўзлардан бир нечта ҳафта ўтиб, у оламдан кўз юмди. Отамнинг сўзлари эса менга катта умид берди, «нима бўлса ҳам фарзандли бўламан», деб ўйлаб қолдим. Шу орада интернетда нашр қилинган болани асраб олиш ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Ўша заҳотиёқ юрагим бир нимани сезгандай жиз этиб қўйди.

Ҳужжатларни йиғиб келиш ва маҳаллий бошқармага топширишга икки кун муҳлат етарли бўлди. Аслида бундай жараённи тез ҳал қилмоқчи бўлсангиз, мулойим ва ўз ишини яхши тушунган идора ходимига мурожаат қилинг.

«Биринчи учрашув»

Биз учун боланинг ирқи, миллати, жинсининг аҳамияти йўқ. Асосийси унинг қандай улғайиши, биринчи сўзларни талаффуз этиб, атрофдагилар билан мулоқот қилишини кўрмоқчи бўлганмиз. Олмаота шаҳридаги Кунаева меҳрибонлик уйида биз ўғлимиз, Ваняни учратдик. У билан бироз ўйнадик, болача бизга талпинавериши иккимизни ҳам қувонтириб юборди.

Лекин, бош шифокорнинг шум хабари дилларимизни хира қилди: Ваня онасидан юқтириб олган ОИВ билан касалланганди. Шу пайтгача, бизнинг наздимизда ОИВ билан фоҳиша, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган кишилар чалинади, деб ўйлаганмиз. Шунга қарамай, кичик болакайнинг касали билан қизиқдик. Шаҳар ОИТСга қарши курашиш тиббиёт марказининг маълумотига таяниб айтишим мумкинки, Ванянинг дарди оғир аҳволда эмасди.

Хаёлимда, бош шифокор бизнинг талабимизни қондиришни эмас, балки пора кўринишида манфаат кутяпти қабилидаги фикрлар чарх ура бошланди. Бўш қўл билан қолиб кетишдан қўрқиб, бошқа меҳрибонлик уйларига ҳам мурожаат қилавердик. Уй ҳовлисига кириб келишимиз билан қулоғимга болаларнинг беғубор қичқириқлари, йиғиси ва шовқини эшитилиб турарди, аммо мутасадди вакиллар негадир бизни инкор қилаверди. Ҳар гал, «бу ерда асраб олиш учун бола йўқ», деган жавобни эшитишга ўрганиб кетдик.

Шундай кунлардан бирида Шелек томондаги меҳрибонлик уйида уч ёшли Варяни топиб олдим. Турмуш ўртоғим Алексей уни қўлига олиб кўтарган пайт, қизалоқнинг кўзларига боқиб йиғлаб ҳам юборди. Минг афсуски, ваколатли вакилнинг хабари бизни икки карра гаранг қилаёзди: Варя ОИТСга чалинган бўлиши мумкин.

«Муаммолар энди бошланиши билмагандик»

Меҳрибонлик уйида бош шифокор асосий «иш бошқарувчи» эканки, унинг салбий хулосаси билан Алексей ва менинг умидларим пучга чиқиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун давлат таъминоти эмин-эркин кун кечираётган болаларга уй шароитида ҳам шундай қулайликларни яратишга ҳаракат қилдик. Аслида бош шифокорнинг мўмайгина пулдан қолдираётганимизни ўйламаган эканмиз.

Яна бир тарафдан суд ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг «инжиқликлари», бола асраб олишнинг нозик масалаларини ўта жиддий давлат сирини ошкор қилишдек қўрқув билан ҳужжатга имзо чекиши бизни ҳолдан тойдириб қўйди.

Қолаверса, 37 ёшимда бирдан иккита вояга етмаган болалар хонадонимга кириб келди, икки ё уч кунга меҳмон бўлиб эмас, балки бутун умрга, ҳаётимизга қадам ранжида айлади. Аввалига, болалар шовқинига, тартибсизликларига, айниқса, инжиқликларига ўрганмаган уқувсиз ота-она тез орада энг қувноқ кишиларга айланди-қолди.

«Мен улардан ҳақиқатни яширмайман»

Бир кун келади ва албатта, мен болаларимга ҳақиқатни айтишим зарур. Биз ҳеч қачон ёлғон гапиришни истамаймиз, чунки оилага бола, болага эса оила керак эди. Биз уни тарбиялашни хоҳладик ва масала шу билан тугади. Варянинг соғлиғи бизни ташвишга солади, аммо олдинлари бўлгани каби ОИВдан қўрқмайман.

Муҳими биз тўғри қарорни қабул қила олдик ва уни амалга ошириш учун ўн беш йил курашдик.