Хитой ҳукумати Ибин-Панчжихуа тезкор автомагистраль қурилишини бошлади. У мамлакат ҳудудида қачонлардир амалга оширилган шу каби транспорт лойиҳалари орасида энг қиммати ҳисобланади. Zhongguo Sinvenvan ахборот порталининг хабар қилишича, мазкур лойиҳага сармоя киритиш ҳажми 88,6 млрд юанни (13,4 млрд доллар) ташкил этади. 

Ушбу замонавий автойўл жануби-ғарбий Сичуан вилоятининг тоғли ҳудудларидан ўтади. Унинг узунлиги 450 кмни ташкил этади. Йўлнинг ҳар бир километрига 30 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланади. Унинг фойдаланишга топширилиш муддати маълум қилинмаган. 

Янги йўл қурилиши билан Хитойнинг энг йирик Янцзи дарёси бошланадиган Ибин шаҳри тоғ-кон ва гидроэенергетика захираларига бой Панчжихуа шаҳри билан боғланади. Лойиҳа Хитойнинг иқтисодий қолоқ туманида қашшоқликка барҳам беришда ёрдам бериши айтилмоқда.