Олимлар болалар ота-онанинг айтганларини эмас, уларнинг хатти-ҳаракатларини кўриб ўрганишини исботлашди. Фарзандингизга сабоқ бермоқчи бўлсангиз, буни ўз мисолингизда кўрсатинг, дейилади RD нашрида. 

Болалар ота-оналаридан фақатгина уларнинг генларини мерос қилиб олишмайди. Фарзандлар катталарнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, уларнинг шахсий сифатлари, масалан, тиришқоқлик ва мақсад сари интилиш каби фазилатларини ўзлаштиришади. 

Массачусетс технология институти олимлари ота-онанинг қандай қилиб қийинчиликларни муваффақиятли енгиб ўтаётганини кўрган бола келгусида бирор бир вазифани бажаришда тиришқоқликни намоён этишини аниқлашди. 

"Болалар атрофдаги оламни ўрганиш, шунингдек бу оламда ўз хулқ-атворини ўзгартириш учун бир мантиқий хулосадан фойдаланишади, - дея изоҳлайди мазкур тадқиқотни ўтказган когнитивист-олимлардан бири Лора Шульц. - Биз хатти-ҳаракатларимиз болаларга қанчалик кучли таъсир қилишини англаб етмаймиз. Улар бизни кузатиб, ўзларига тегишли хулосалар чиқаришади". 

Тадқиқотда 13-18 ойлик 262 нафар бола қатнашди, улар уч гуруҳга ажратилди. Биринчи гуруҳда илмий ходим ўзини икки ўйинчоқни узоқ йиғаётганга солди, кейин эса бола ёрдамида уни йиғишга муваффақ бўлди. Иккинчи гуруҳда олим шунчаки икки ўйинчоқни ўзи йиғиб қўя қолди. Учинчисида эса у умуман ҳеч нарса қилмади. 

Шундан сўнг ҳар бир болага кичик мусиқий ўйинчоқ берилди. Болаларга унда мусиқа қўйиш мумкинлиги кўрсатилди, бироқ қандай қўйиш ўргатилмади. Ўйинчоқни қандай ёқишнинг уддасидан чиққан болаларнинг аксарияти 1-гуруҳдаги болалар бўлди. Бошқача айтганда, бу вазифани катталарнинг мақсадли хатти-ҳаракатини кузатган болаларгина уддасидан чиқди. Улар шу тариқа катта ёшли одамнинг характеридаги жиҳатни ўзлаштиришди. 

Ҳозирда тадқиқот ўтказган олимлар болалар билан айнан қандай мулоқот ёки имо-ишора уларга кўпроқ таъсир кўрсатишини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Улар мазкур тадқиқотлар болаларни мақсад сари интилувчан қилиб тарбиялашда ёрдам беришига умид қилишмоқда. Бунинг учун уларга ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан, осонликча берилмаслигини намойиш қилиш керак.