Россияга импорт қилинадиган енгил саноат маҳсулотларининг 54 фоизга яқини “Енгил саноат маҳсулоти хавфсизлиги тўғрисида”ги талабларга жавоб бермайди. Бу ҳақда Роспотребнадзор матбуот хизмати 2017 йил 9 ойлик текширувлар натижаларига доир йиғилишида маълум қилди. 

“Техник талабларга мос келмайдиган маҳсулотларнинг 54 фоизи импортга тўғри келади. Шунга биноан Россияга бошқа давлатлардан олиб кирилаётган маҳсулотларга жиддий эътибор бериш керак”, - дейилади хабарда.

Умуман, ташкилот текширувлари натижасида енгил саноат маҳсулотларидан 720 тоннаси савдо пештахталаридан қайтариб олинган. Бунда сифатсиз маҳсулотларнинг 40 фоизи мўйнали маҳсулотларга тўғри келади. Қолган қоидабузарликлар аёллар либослари, пойабзал, ичкийим ва текстил маҳсулотларидир. 

Қоидабузарликларнинг аксарияти савдо белгиларини нотўғри қўйиш билан боғлиқ. “5 фоиз маҳсулот кимёвий ва биологик хавфсизлик кўрсаткичларига мувофиқ эмаслиги аниқланди", - дея қўшимча қилинади Роспотребнадзор хабарида.