Украина миллий банки Украинадаги банкларга Россиянинг янги 200 рубллик банкнотаси билан ишлашни тақиқлаб қўйди. Гап шундаки, янги банкнотада Қримдаги Херсонес Таврический манзаралари тасвирланган.

"Украина миллий банки Украина банклари (уларнинг филиаллари ва бўлимларига) ва молиявий муассасаларига Россия Марказий банкининг Россия томондан қўшиб олинган Украина ҳудудлари хариталари, рамзлари, бинолари, ёдгорликлари, археология, архитектура, тарихий ёдгорликлари, манзаралари ва бошқа объектлари суратлари ёки Россия томондан Украина ҳудудларининг қўшиб олиниши билан боғлиқ матнларга эга банкноталари билан касса, жумладан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишни тақиқлади", деб айтилган Украина миллий банки хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг ҳудудий бирлиги бўлган Қрим 2014 йил ўтказилган референдум натижаларига кўра Россия таркибига қўшилган.