Воронежда яшовчи икки Ўзбекистон фуқароси одам савдоси билан боғлиқ жиноий иш иштирокчисига айлангани хабар берилганди. 29 ёшли аёл ва унинг 39 ёшли турмуш ўртоғи ўз қизини 30 минг рублга сотмоқчи бўлишган. Жуфтликнинг сўроқ чоғида маълум қилишича, болани Ўзбекистонга чипта сотиб олиш учун сотиб юбормоқчи бўлишган.

Боланинг харидори сифатида ўзини таништирган шахс эса аслида полиция махсус бўлимининг тезкор ходими бўлиб чиққан, у 10 октябрь куни Газовая кўчасида чақалоқнинг ота-онасига пулларни топширган ҳамда улардан тилхат олган. Кейинчалик Ўзбекистоннинг икки фуқароси қўлга олинган.

Россия Тергов қўмитасининг Воронеж вилояти бўйича вакили Елена Мануковскаянинг хабар беришича, ота-она чақалоқни 30 минг рублга баҳолаган. «Суднинг уларни қамоққа олиш бўйича қарори чиқарилиши кутилмоқда. Чақалоқ шифохонага олиб кетилди, ҳозир у ўша ерда», - деган Елена Мануковская.

Тергов версиясига кўра, жорий йилнинг 8 сентябрида аёл қиз фарзандли бўлган, бироқ уни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаган.

Ўзбекистон фуқаролари РФ ЖКнинг 30-моддаси 3-қисми, 127-модда 2-қисмининг "б, з" бандлари бўйича айбланмоқда.