Россиянинг X5 Retail Group чакана савдо фирмаси "экспресс" шаклидаги дўконлари тармоғини сотишни режалаштирмоқда. Компания сайтида шу ҳақда маълум қилинган. 

"X5 3 та асосий савдо шакллари - "Пятерочка" универсамлари, "Перекресток" супермаркетлари ва "Карусель" гипермаркетларига эътибор қаратишга қарор қилди. Москвада жойлашган ҳамда кичик майдонларга жойлаштирилган бирмунча "қулай" ҳисобланувчи "Перекресток-Экспресс" дўконлари сотувга қўйилади", - дейилади хабарда. 

Аввалроқ, X5 Retail Group 2017 йил 9 ойига доир амалий натижаларини эълон қилган эди. Унда айнан "Экспресс" даромади камлиги кўзга ташланади. Ушбу дўконлар тармоғининг январь-сентябрь ойларидаги тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга пасйиб, 7,3 млрд рублни ташкил этган. 

X5 Retail Group – Россиянинг етакчи озиқ-овқат чакана савдо компанияси ҳисобланади. Умуман, гуруҳ 2017 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, 11 минг 326 та турли катталикдаги дўконларга эга.