12 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифи якунланиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказди. Унинг сафари якуни бўйича дастлабки хулосаси ташкилот сайтига жойлаштирилди.

Ҳужжатда ёзилишича, Ўзбекистондаги динлар ва эътиқод эркинликлари (динлардан эркинлик ҳам шу жумладан) Республика Конституциясининг 31-моддаси билан кафолатланади. Аммо, Асосий қонуннинг 20-моддасида қайд этилишича, фуқаро Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларинидан фойдаланиши давлат ва жамият, бошқа фуқароларнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаслиги керак. 

Асосий ҳужжатнинг 61-моддасида мамлакат тузуми дунёвий давлат эканини белгилайди ва давлатнинг дин ишларига аралашмаслигини кафолатлаш орқали давлат ва динни ажратади. 57-моддага мувофиқ, диний партиялар ташкил этишни ҳам тақиқлаш шу мақсадга хизмат қилади. 

Жиноят кодексида "ноқонуний" (рўйхатдан ўтмаган) ва "тақиқланган" гуруҳлар тушунчаси ажратилган. Иккинчиси билан "экстремистлар" назарда тутилган. ЖКнинг 216-моддасида ўзгаларни ноқонуний диний гуруҳларга жалб қилиш, ўзгаларни ўз динига тарғиб қилиш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Айни шу модда расман эътироф этилган диний идоралар ходимларидан бошқаларга жамоат жойларида диний либосларда юришни тақиқлайди. 

Юқорида қайд этилган ҳолатлар халқаро ҳуқуқ билан муҳофаза қилинадиган инсон ҳуқуқлари, дин ёки эътиқод эркинлигига нисбатан жиддий оқибатларга олиб келади. Айниқса бу ибодатларни хусусий ёки жамоат жойларда бажариш билан боғлиқ ҳолатларда, у хоҳ якка ёки кўпчилик билан бирга бўлсин, дин таълимотларига риоя қилиш, амал қилиш ва таълим бериш борасида намоён бўлади. Дин ишларида айрим чекловлар мавжудлиги болаларга ота-оналарнинг диний қадриятларини таълим бериш ҳуқуқини таъминлашда тўсқинлик қилмоқда. Конституцияда дунёвийлик қоидаси мустаҳкамланган бўлса-да, давлат кўп ҳолларда дин ва эътиқод амалларини эркин бажаришга аралашади. 

Гарчи динлар ёки эътиқодлар эркинлиги халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ажралмас ҳуқуқ ҳисобланиб, жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби, соғлиғи, маънавият ва бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари нуқтаи назаридангина чекловларни кўзда тутиб, зўрлик ишлатилмайдиган усулларни қўллаб-қувватласа-да, ҳукумат томонидан ўрнатилган чекловлар тартиби, ўрнатилган ҳуқуқий асоси, юритилаётган сиёсати ва амалиёти халқаро ҳуқуқ билан ўрнатилган чегаралардан ташқарига чиқади. Шу билан ҳар бир инсонга тегишли бўлган дин ёки эътиқод эркинлиги инсон ҳуқуқи сифатида қонунчиликда ва амалиётда тан олинмайди. 

Қонунлар билан ўрнатилаётган ҳаддан ортиқ чекловлар тартиби ҳукумат вакиллари ва бошқа давлат идоралари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамиятларининг айрим аъзолари томонидан қўллаб-қувватланади. Уларнинг ишонч билдиришларича, бу сиёсат бир неча сабаб билан ўзини оқлаган. Илгари сурилаётган далиллар яқин ўтмишда давлатчилик дуч келган терроризмни ҳам ўз ичига олувчи диний экстремизм, меҳнат муҳожирларининг ўзлари борган жойларда радикал ғояларга шўнғиши ҳамда ушбу сиёсат туфайли мамлакатда нисбий тинчлик ва барқарорлик билан изоҳланади. 

Аҳмад Шаҳиднинг қайд этишича, у ташрифи давомида диний фаолият билан боғлиқ қонунбузарликларни содир этган неча киши жазо ўтаётганига ойдинлик кирита олмаган. Бироқ, Шаҳиднинг уқдиришича, 17,000 дан ортиқ фуқаро профилактика чоралари бўйича назорат рўйхатига (қора рўйхат) киритилгани жазони ўтаётганлар сони ҳам кўплиги эҳтимолини кўрсатади.