Каталонияда мустақиллик референдуми ўтказилгандан кейин умумий ҳисобда 540 та компания Испаниянинг бошқа вилоятларида рўйхатдан ўтиш учун юридик манзилини ўзгартирди. Бундай маълумотларни Испания қайд қилувчилари уюшмаси тақдим қилди.

Бу компаниялар орасида ўнлаб йирик компаниялар, жумладан Sabadell ва CaixaBank банклари, Gas Natural Fenosa энергетик компанияси, мамлакатнинг энг йирик йўл-қурилиш компанияси Abertis, симсиз телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритувчи Cellnex, кўчмас мулкни ижарага берувчи Colonial компаниялари ва Planeta медиагуруҳи бор.

Испания иқтисодиёт вазири Луис де Гиндос Испания ҳукумати Каталониядаги инқироз сабабли 2018 йилги прогнозларни қайта кўриб чикишига тўғри келишини айтган. Аввалроқ ялпи ички маҳсулот ўсиши 2,6 фоиз атрофида баҳоланаётган эди.   

Де Гиндоснинг айтишича, иқтисодиёти Испания ЯИМнинг 20 фоизини ташкил қилувчи Каталониядаги сиёсий инқироз ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

"Каталония женералитетининг масъулиятсиз қарорлари оқибатида инвестициявий лойиҳалар тўхтаб қолади", деб қўшимча қилган вазир. Унинг айтишича, вилоятдаги иқтисодий вазият Каталония парламенти яқин кунларда ўзининг мақоми бўйича қандай қарор қабул қилишига бевосита боғлиқ бўлади.

"Вазиятнинг энг яхши сценарийси – Испания ҳукумати билан келишилган референдум ўтказилиши, Каталонияни Европа Иттифоқида сақлаб қолиш ва Мадрид билан активлар ҳамда қарзларнинг "дўстона" тақсимланиши вазиятида ҳам тўланадиган ҳақ юқори бўлади: компанияларнинг кўчиши ва барқарорсизлик", деб айтди  Испаниянинг "Альтернатива жамғармаси" ташкилоти мутахассиси Мануэл де ла Роча Васкес.

Воқеалар ривожининг яна бир, ўртамиёна вариант кўриладиган бўлса, Каталония  анча вақт Европа Иттифоқи ташқарисида ва халқаро ҳамжамият томондан тан олинмаган ҳолда қолади ва бу вилоятдаги компанияларнинг  оммавий равишда "қочишига" сабаб бўлади. "Кўчиб ўтиш харажатлари катта бўлади, Испания ҳам зиён кўради, бироқ Каталония учун вазият янада оғирроқ бўлади", деб айтмоқда мутахассис. 

Каталонияда 1 октябрда Испания ҳукумати томондан тан олинмаётган мустақиллик референдуми бўлиб ўтди. Вилоятнинг мустақиллиги учун 90,18 фоиз сайловчи овоз берган. Шу куннинг ўзида вилоят раҳбари Карлес Пучдемон ва Каталония мустақиллигининг бошқа тарафдорлари мустақиллик декларациясини имзолашди. Айни вақтда бу ҳужжат ҳеч қандай юридик кучга эга эмас.

Испания вазирлар кенгаши 11 октябрда Каталония раҳбариятига у мустақилликни эълон қилгани ёки қилмаганини тушунтириш талаби билан мурожаат йўллади. Пучдемон 16 октябрь, душанбагача жавоб бериши керак. Агар жавоб бўлмаса ёки у испан ҳукуматини қаноатлантирмаса, унда марказий ҳукумат конституциянинг 155-моддасини қўллай бошлайди. Унга кўра Каталонияни ўзини бошқариши чекланишига рухсат берилади.