Каталония ҳукумати раҳбари Карлес Пучдемон Испания бош вазирига йўллаган мактубида кейинги икки ой ичида вазиятдан чиқиш бўйича мулоқот бошлашни таклиф қилди, бироқ Каталония ўтказилган референдум якунлари бўйича Испаниядан мустақил бўлганини эълон қилгани ёки қилмаганига аниқлик киритмади, деб хабар бермоқда Би-би-си.

Пучдемон овоз бериш жараёнидан сўнг мухториятнинг «миллионлаб аҳолиси» Испаниядан ажралиб чиқиш истагида эканини тан олди, лекин мустақилликни эълон қилмади.

У мустақиллик тўғрисидаги декларацияни шахсан имзолади, гарчи Каталония қонунлари бўйича буни бутун парламент қилиши керак эди, ҳамда Мадрид билан мулоқотни йўлга қўйиш учун тантанали эълон қилиш маросимини кечиктириш таклифи билан чиқди.

Испания ҳукумати музокаралар имкониятини рад этди ва Пучдемонга ўз позициясини аниқлаш учун беш кунлик муддат берди. Бу муддат душанба куни тугайди.

Қироллик бош вазири Мариано Рахой Каталония ҳукумати раҳбарини агарда у мустақилликни эълон қиладиган бўлса, Мадрид конституциянинг тўғридан-тўғри бошқарувни жорий этиш ва мухториятни тўхтатишни назарда тутган 155-моддасидан фойдаланиши билан огоҳлантирди.

Пучдемоннинг Каталония парламентидаги нутқидан сўнг, Рахой уни атайин саросима яратишда айблади ва аниқликни қайта тиклаш ҳақида ваъда берди.

Каталония ҳукуматига кўра, референдумда сайловчиларнинг 43 фоизи, ёки 2,3 миллон киши қатнашди, уларнинг 90 фоиздан ортиғи мустақилликни қўллаб-қувватлади. Мадрид, шунингдек, Европа Иттифоқи бу референдумнинг ноқонунийлигини эълон қилди.