Каталония ҳукумати расмий Мадрид конституциянинг Каталония мухториятини тўхтатиш имконини кўзда тутувчи 155-моддасини қўлласа, ўз мустақиллигини эълон қилишини маълум қилди. Бу ҳақда El Mundo нашри ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда. 

Нашр бунда Каталония Европа демократик партияси бош координатори Марта Паскалнинг сўзларини келтириб ўтди. Паскалнинг айтишича, "агар конституциянинг 155-моддаси қўлланса, Каталония 1-О мандатини (1 октябрдаги референдум натижаларига кўра мустақилликни эълон қилиш мандати) бажаришга тайёр". 

Нашрнинг таъкидлашича, Каталония ҳукумати Испания ҳукумати қандай қадамлар амалга оширишини кузатиб боради. 

Маълум қилинишича, кейинги ҳафтада, эҳтимол душанба ёки сешанбада Каталония мустақиллиги эълон қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлиши мумкин. Мустақиллик эълон қилиниши эса кўп жиҳатдан Испаниянинг 155-моддани фаоллаштириш режасига боғлиқ бўлади. 

Испания ҳукумати Каталония женералитетидан (парламенти) мустақиллик эълон қилингани ёки йўқлиги борасида аниқ жавоб беришни талаб қилмоқда.