Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль гўёки телебошловчи Ксения Собчакнинг ўз номзодини 2018 йилги президентлик сайловларига қўйиш режасига алоқаси борлиги ҳақида юрган гапларни инкор этди. "Бу нотўғри", деб айтган Песков.

Песков Владимир Путин Собчак билан яқинда ўтган учрашувда Ксениянинг режаларидан норозироқ бўлгани ростлигини билиш мақсадида берилган саволга "Мен бу учрашувда бўлмаганман", деб жавоб қайтарди.

Песковнинг айтишича, сайловолди кампанияси ҳали бошланмаган. "Ҳозирча рўйхатдан ўтган бирорта номзод йўқ. Ҳозир Россия президенти Владимир Путиннинг рақиблари ҳақида гапириш даргумон, чунки Путиннинг ўзи нозмодини қўйиши ҳақида ҳеч нарса айтмаган ва сайлов кампанияси бошланишигача ҳали вақт борлигини айтган", деб таъкидлаб ўтди Песков. Унинг айтишича, Путин айни вақтда ўз эътиборини президентлик ишларига қаратмоқчи.

18 октябрда Ксения Собчак 2018 йилги президентлик сайловларида иштирок этмоқчилигини эълон қилди. У "Собчак ҳаммага қарши" шиори остида президентлик сайловлари кампанияси сайтини ишга туширган. Бироқ телебошловчи агар сайловларга мухолифатчи Алексей Навальний номзоди қўйиладиган бўлса, ўз номзодини қайтариб олишини айтган. Айни вақтда мухолифат Собчакнинг номзодини жиддий қабул қилмаяпти.