Испания терма жамоасида янги можаро юзага келди ва у Каталония билан боғлиқ эмас. 

Нима юз берди

Сентябрь ойи охирида Испания қироллиги футбол федерациясида янги раҳбар - Хуан Луис Ларреа пайдо бўлди. У терма жамоада маркетинг ишлари бўйича директор Мария Хосе Кларамунтни истеъфога чиқаришини айтди. Бироқ, етакчи футболчилардан Серхио Рамос, Серхи Бускетс ва Жерар Пике бу воқеа юз берса, терма жамоани тарк этиш билан таҳдид қилишди.

Можаро шу даражага етдики, ҳатто президент Лихтенштейнга қарши ўйиндан сўнг, терма жамоа кийиниш хонасига киритилмади. 19 октябрь куни Кларамунт ишдан олинди. Энди Испания футболчиларнинг бу воқеага муносабатини кутмоқда.

Кларамунт хоним ким

Мария Кларамунт – «Валенсия» клубининг 70-йиллардаги машҳур футболчиси Пепе Кларамунтнинг қизи ҳисобланади. 2011 йилда у Испания терма жамоаси маркетинг ишлари бўйича директор лавозимини, кейинроқ эса, қўшимча равишда Фернандо Йерро ўрнига спорт директори лавозимини ҳам эгаллади.

Испания матбуоти хабарига кўра, сўнгги йилларда Кларамунт футболчилар орасида катта таъсир доирасига эга бўлган. Аммо аввалги бош мураббий Висенте Дель Боске билан келишолмай қолган. 

Ҳужжатларда Кларамунт сирли «маркетинг директори» лавозимини эгаллаши кўрсатилган, аммо федерация низомида бундай лавозим йўқ, шу туфайли унинг нима вазифани бажариши ҳам маълум эмас. 

Кларамунт хоним Испания терма жамоаси брендини оммалаштириш, футболчиларнинг матбуот билан мулоқотини тартибга солиш, терма жамоанинг сафар ўйинларини, хайрия тадбирлари ва ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш билан шуғулланган. Бунда Мариянинг ўзи ҳар доим панада қолган ва бирор марта интервью бермаган.

Нега футболчилар уни ҳимоя қилмоқда

Бир неча йиллар давомида Кларамунт терма жамоанинг бир қатор футболчилари – Касильяс, Рамос, Пике ва бошқалар билан дўстлашиб қолган, уларга шахсий брендларини оммалаштиришда кўмаклашган. 

Янги бош мураббий Хулен Лопетеги у билан бирга ишлашга қарши бўлмаган, федерациянинг аввалги президентини ҳам барча нарса қониқтирган. Бироқ, Хуан Ларреа собиқ бош мураббий Дель Боске тарафдори бўлиб, Мариянинг футболчиларга катта таъсир кўрсатиши унга ёқмаган.

Кларамунт бир пайтлар Vos Sportsmarketing & Entertainment компаниясига алоқадор бўлган. У федерацияга ишга ўтгач, Vos Sportsmarketing & Entertainment компаниясининг Қироллик футбол федерацияси билан ҳамкорлигидан келган даромадлари кескин ошган (2010 йилда 86 минг евродан, 2011 йилда 644 минг еврога, яъни бир йил ичида 746 фоизга). 

Испания матбуоти хабарига кўра, баъзи футболчиларнинг футболкаларини сотишдан олинадиган даромад миқдори ҳам кўпайган, айниқса Кларамунтнинг қадрдон шаҳри Валенсияда. 

Мария бизнесига кўмак бериш ва илиқ муносабат орқали футболчиларнинг меҳрини қозонган – мураккаб масалаларда кўпгина футболчилар бош мураббийга эмас, балки айнан унга қўнғироқ қилишади.

Нега ишдан бўшатилди

Янги президент Хуан Луис Ларреа спорт директори компаниясининг ғалати даромадлари ва собиқ президент Анхел Вильяр билан муносабатларидан шубҳаланган. Vos Sportsmarketing & Entertainment компаниясининг шубҳали даромадлари ҳуқуқ тартибот идоралари эътиборини ҳам тортган, аммо ҳозирча ҳеч нарса исботланмади.

Терма жамоа аввалги штабининг маъмурият билан аввалдан келишмовчилиги бор эди. Хусусан, ЖЧ-2014 мусобақасидаги инқирозда айнан Кларамунт айбланганди. Чунки у мусобақа бошланишига бир неча кун қолганида, Испания терма жамоасини АҚШ сафарига олиб борган, Вашингтонда «очиқ машғулот» ўтказиб, Ҳондурас билан ўртоқлик ўйинини ташкил қилган. Шундан сўнг, узоқ учишлардан чарчаган жамоа Нидерландия ва Чили терма жамоаларига қарши ўйинларни бой берган.

Кларамунтнинг терма жамоадаги катта таъсиридан норози бўлган янги раҳбарият, вазиятни ўз назоратига олиш учун шахмат тахтасидаги жиддий донадан воз кечишга қарор қилган.

Бироқ, Кларамунт давридаги барқарорликка ўрганиб қолган фахрийлар айнан унинг раҳбарлигида Россияга боришни истамоқда. 

Бу йўл кўпроқ дўқ уришга ўхшаб кетмоқда ва кўплаб етакчиларнинг Кларамунт истеъфосидан кейинги ҳаракатларини башорат қилиш мушкул. Бир нарса аниқ - терма жамоадаги муҳит танг аҳволга келган ва катта эҳтимол билан буларнинг ҳаммаси «қизил фурия»нинг жаҳон чемпионатидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатади.