Россия президенти сайловларида қатнашиш истагини билдирган телебошловчи Ксения Собчак The Guardian нашрига берган интервьюсида муайян сиёсий дастури йўқлигини маълум қилди. Бундан аввал эса у «барчага қарши» номзод позициясини тутганини қайд этганди. 

Собчак интервьюда ғалаба қилишга имкони катта эмаслиги, на сиёсий дастури ва на партияга эга эмаслигини тан олган. Шундай экан, унга Владимир Путиннинг сиёсий режимидан норози одамлар манфаатини ҳимоя қилишгина қолади. 

«Мен «сиёсий вазн»га эга эмасман ва шу боис ўзимни бирор сиёсий дастурни йўлга қўйишга ҳақли деб билмайман», - деди Собчак. The Guardian унинг бу баёнотини «президентлик кампаниясини бошлаётган инсон учун энг бефарқ баёнот» дея баҳолади. 

Собчак Россияда аввалги сайловлар адолатсиз бўлганини қайд этган ҳолда, сайловларга бойкот эълон қилиш ўрнига норозиликни ифодалаш имконидан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. У яқинда Путин билан кечган учрашуви мавзусига яна мурожаат қилди. «Унга қарши номзодимни қўяётганимни юзига айтсам, тўғрироқ бўлади деб ўйладим», - дейди Собчак.

Ксения Собчакнинг сўзларига кўра, Путин ундан номзодини қўйишни сўрамаган. Унинг кампаниясини Кремль билан боғлашга доир фикрни эҳтимолий номзод унинг дискредитациясига йўналтирилган спекуляция деб атади. «Ҳукумат менинг номзодимга мойиллик билдиришга қарор қилибди. Бу жуда айёрона тактика», - деди Собчак.