Кўнгил айниши овқат ҳазм бўлмаганда, вирусларда, ёқимсиз ҳидлардан ёки стресс натижасида юзага келиши мумкин. "Лайфхакер" ушбу ёқимсиз ҳолатни енгиллаштиришга ёрдам берувчи бир неча оддий тавсиялар билан бўлишди. 

1. Ётиб олманг

Ётган ҳолатда ошқозон суюқлиги қизилўнгачга кўтарилиши мумкин, бу эса кўнгил айниши ва ноқулайлик ҳиссини кучайтиради. Шу боис овқатдан кейин дарҳол ухлашга ётиш тавсия этилмайди. Шу билан бирга қорин мушакларини сиқмасликка ҳаракат қилинг. Кўнглингиз беҳузур бўлаётган бўлса, ўтириб олинг ва имкон қадар камроқ ҳаракатланинг. 

2. Деразани очинг ёки вентилятор қаршисига ўтириб олинг

Фото: Getty Images

Шу тариқа ёқимсиз ҳидлардан халос бўласиз ва чалғийсиз. Тоза ҳаво енгиллик ҳиссини беради. Айнан шунинг учун транспортда кўнгли айниётганлар деразадан қарашга ҳаракат қилишади. 

3. Совуқ компресс қилинг

Кўнгил айниганда ҳарорат кўтарилиши мумкин. Бўйиннинг орқа соҳасига бир неча дақиқага совуқ компресс қўйинг. Бу ҳароратни тушириш ва кўнгил айнишини камайтиришга ёрдам беради. 

4. Чуқур нафас олинг

Бу айниқса стресс ёки қаттиқ ташвиш кетидан келган кўнгил айнишида фойда беради. Бурун орқали чуқур нафас олинг ва уни 3 сонияга ушлаб туринг-да аста-секинлик билан чиқаринг. Бу машқни бир неча марта такрорланг.

5. Чалғишга ҳаракат қилинг

Кўнгил айниётгани ҳақида қанча кўп ўйласангиз, ўзингизни шунча ёмон ҳис қиласиз. Бирор китоб ёки фильмга чалғишга ҳаракат қилинг. Агар ишда бўлсангиз, бир неча марта чуқур нафас олинг, кейин анчадан бери орқага суриб келаётган иш билан шуғулланинг. 

6. Кўпроқ суюқлик ичинг

Иллюстратив фото

Кўнгил айниши сувсизланиш белгиси ҳам бўлиши мумкин, бироқ биттада кўп сув ичиб юбориш ёқимсиз ҳисларни янада кучайтириши мумкин. Бутун бир кун давомида кўп марта оз-оздан суюқлик ичишга ҳаракат қилинг. Агар оддий сув ичгингиз келмаса, мева бўлаклари солинган сув ичишингиз мумкин. 

7. Мойчечакли чой ичинг

Мойчечак — кўнгил айнишига қарши халқ табобатининг машҳур воситаси. Шу билан бирга у инсонни тинчлантиради ва ухлашга ёрдам беради. Бир ош қошиқ мойчечак гуллари устидан бир стакан қайнаган сув қуйинг, 5 дақиқа димланишини кутинг-да, сўнг ичинг.
 
8. Лимон ҳидланг

Фото: Flickr

Лимонда овқат ҳазм қилиш учун фойдали лимон кислотаси мавжуд. Агар кўнгил айниши қабзият натижасида юзага келган бўлса, лимон шарбати қўшилган қайнаган сув ичакларни рағбатлантиришга ёрдам беради. Фақат ошириб юборманг - ортиқча лимон кислотаси кўнгил айнишини кучайтириб юбориши ҳам мумкин. 

Лимоннинг ҳатто ҳиди ҳам кўнгил айнишида ёрдам бериши мумкин. Эфир ёғи ёки шунчаки янги кесилган лимонни ҳидланг. 

9. Бир тилим занжабил истеъмол қилинг

Занжабил қайд қилишга қарши хусусиятларга эга. Кўнгил айниганда бир бўлак занжабил истеъмол қилинг ёки занжабилли чой ичинг. 

10. Ялпиз қайнатинг

Ялпиз капсулаларини қабул қилинг ёки ялпизли чой ичинг. Ялпиз эфир мойи ёки янги узилган баргларининг ҳиди ҳам кўнгил айнишида ёрдам беради. 

11. Газланган ичимлик ичманг

Бундай ичимликлардаги газлар қоринни дам қилиши мумкин. Улардаги қанд миқдорининг кўплиги эса кўнгил айнишини янада кучайтиради. Агар газланган сувдан бошқа ҳеч нарса бўлмаса, унинг газлари чиқиб кетишини пойланг ва шундан кейингина ичинг.

12. Оғир овқат истеъмол қилманг

Одатда кўнгил айнишидан кейин қайта тикланиш учун банан, гуруч, олма пюресини ейиш тавсия этилади. Шу билан бирга бироз макарон (соуссиз), картошка пюреси, қайнатилган тухум ҳам ейиш мумкин. Кўнгил айнишидан халос бўлгунга қадар қовурилган, сутли, гўштли ва целлюлозага бой маҳсулотлардан воз кечинг.

Кўнгил айниши бошқа белгилар билан бирга кузатилса, шифокорга мурожаат қилинг. Масалан, кўнгил айниши ва кўкрак қафасидаги оғриқ юрак хуружи белгиси бўлиши мумкин. Кўнгил айниши ва кучли бош оғриғи эса асаб тизимидаги муаммоларга ишора бўлиши мумкин.

Кўнгил айниши мунтазам равишда давом этса ёки унинг натижасида вазнингиз камайса, албатта шифокорга мурожаат қилинг.