Россия президенти Владимир Путин Россиянинг фуқаролигини олишда қасамёд келтиришни талаб қилувчи Россия фуқаролигига қабул қилиш бўйича илк фармонни имзолади. 

Фармонга кўра, 62 киши Россия фуқароларига айланадилар.

Ҳужжатда айтилишича, фуқароликни олмоқчи бўлган шахс Россия фуқаролиги қасамёдини келтирган кундан бошлаб уни олади. 18 ёшга тўлмаганлар бундан истиснодир. Улар фуқароликни қасамёдни ота-оналари келтирганларидан кейин оладилар.

Қасамёднинг матни қуйидагича:

"Мен, ўз истагим ва онгли тарзда Россия фуқаролигини қабул қила туриб, Россия Федерацияси конститутцияси ва қонунчилиги, унинг фуқаролари ҳуқуқлари ва  эркинликларига амал қилишга, РФ фуқароси мажбуриятларини давлат ва жамият манфаати йўлида бажариш, РФнинг эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, Россияга содиқ бўлиш, унинг маданияти, тарихи ва анъаналарини ҳурмат қилишга қасамёд қиламан".

Россия фуқароси паспорти қасамёд келтирилиши билан берилади.